Аграр соҳада қандай ишлар амалга оширилган?
Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари ҳудудларда ўрганишлар олиб бормоқда. Жумладан, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланиш ва шу орқали аҳоли бандлигини таъминлашга доир вазифалар ижросини Сирдарё вилояти мисолида ўрганди.
Депутатлар вилоятда аграр тармоқда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали янги иш ўринлари яратиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш масалалари билан қизиқди.
Вилоятда 2023 йилда қайта фойдаланишга киритилган ер майдонлари ҳамда деҳқон хўжаликлари ҳисобига 27,9 минг тонна сабзавот, 27,2 минг тонна полиз, 9,6 минг тонна картошка, 2,2 минг тонна дуккакли дон, 90 минг тонна мойли экинлар, 10,3 минг тонна бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган. Уларнинг 8,3 минг тоннаси экспортга, 6,9 минг тоннаси захирага, 3,4 минг тоннаси уруғликка ҳамда 5,5 минг тоннаси бошқа ҳудудлардаги ярмаркаларга йўналтирилган.

Ҳудудда ишсизлик даражаси юқори бўлган 13 та маҳаллада пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 60-80 иш ўринли тикув-трикотаж цехлари ташкил этилган.
Бундан ташқари, вилоятда янги деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун пахта ва ғалла майдонларидан қисқартирилган ҳамда аҳоли пунктларига яқин, сув таъминоти яхши бўлган экин ерлар ҳисобидан аҳолига қўшимча 4,5 минг гектар ер майдонлари 9 минг 432 та лотларга бўлинган ҳолда аҳолига тарқатиб берилган. Натижада вилоятда аграр соҳада жами 47 минг 669 нафар доимий ва мавсумий янги иш ўринлари яратилган.
Ўрганишлар давомида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, дала четлари ва коллектор-дренаж атрофларидаги ерлардан самарали фойдаланиш борасидаги қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти аҳолига тушунтирилди.
М. Комилова, ЎзА