Афв этилганларга ёрдам кўрсатилмоқда
Мамлакатимиз инсон қадри ва шаънини улуғлаш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳатто у жиноят содир этган бўлса ҳам барқарор ҳаётга қайтиши учун имконият яратиб берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг 2022 йил 7 декабрдаги “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтаётган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин мисолдир.
Мазкур фармонга кўра, юртимиздаги турли жазони ижро этиш масканларида сақланаётган бир гуруҳ шахслар афв этилиб, уларнинг нормал ҳаётга қайтишлари учун имконият берилди. Айни кунларда уларга давлатимиз томонидан ижтимоий, маънавий ва моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Афв этилганлар орасида Андижон вилоятидан 4 нафар аёл бўлиб, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси вакиллари улар билан суҳбатлар ўтказмоқда, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашмоқда.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева афв этилган аёлларнинг хонадонларида бўлди. Афв туфайли озодликка чиқарилганларга давлатимиз томонидан берилаётган имкониятлар, кечиримлилик, инсонпарварлик сиёсати олиб борилаётган юртимизнинг қадрига етиш, берилган имкониятдан тўғри хулоса чиқаришлари лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, афв этилган шахслар учун бепул тиббий кўриклар ташкил этилаётганлиги айтилиб, бандлигини таъминлаш мақсадида уларнинг хонадонига яқин ҳудудда жойлашган корхона, ташкилот ва муассасалардаги бўш иш ўринлари таклиф этилди, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА.