Афв этилган фуқаро ишга жойлаштирилди
Президентимиз жорий йилнинг 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, жазони ижро этиш муассасалари ва пробация органларида жазо ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 402 нафар шахс афв этилди.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
Афв этилганлар орасида Гулистон тумани “Аҳиллик” маҳалласида яшовчи, 27 ёшли Азиза Ўринбоева ҳам бор. Гулистон тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нилуфар Ғофурова Азиза Ўринбоеванинг хонадонида бўлиб, унинг ҳолидан хабар олди, дилдан суҳбатлашди.
Афв этилган Азиза Ўринбоева ўзи яшайдиган “Аҳиллик” маҳалласидаги тикув корхонасида ишга жойлашди. Тикувчилик корхонасида Азиза ўз онаси билан биргаликда келгуси ҳафтадан иш бошлайдиган бўлди.
– Қилмишимга чин кўнгилдан пушаймон бўлдим, озодликнинг қадрини билдим, – дейди Азиза Ўринбоева. – Энди зинҳор қинғир йўлларга кирмайман, халқимга фойдам тегиши учун ҳалол меҳнат қиламан.
Озодликнинг қадрига етиш, ҳалол меҳнат билан ризқ топишнинг гашти ўзгача. Азиза ҳам буни тўлиқ англаб етди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА