Афруза Ҳамдамова Самарқандда тантанали кутиб олинди
Италияда ўтказилган шахмат бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон тарихида қизлар ўртасида илк жаҳон чемпионига айланган самарқандлик 14 ёшли Афруза Ҳамдамова Самарқандда тантанали кутиб олинди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Афруза ва унинг оила аъзоларини жаҳон чемпионатидаги тарихий ғалабаси билан табриклади. Уларга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.



– Ғалаба нафақат меники, балки оила аъзоларим ва халқимизники ҳам, – деди шахмат бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамова. – Бу жуда қийин ғалаба бўлди. Рақибларимнинг барчаси тажрибали шахматчилар эди. Бунинг устига виза сабабли мусобақага кечикиб бордим ва биринчи турни очкосиз ўтказиб юбордим. Рақибларимга қарши бир неча йилдан буён ўйнаб келганим сабабли, уларнинг ўйинини яхши билардим ва якунда ғалабага эришдим. Мақсадим - халқаро мусобақаларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариш, аёллар ўртасида энг ёш гроссмейстер бўлиш.


Афруза Ҳамдамова тўрт ёшидан шахмат билан шуғулланиб келади. Ҳозирги вақтда Самарқанд шаҳридаги 42-мактабнинг 8-синф ўқувчиси. WFM – Хотин-қизлар ўртасида FIDE спорт устаcи.


– Тўрт нафар фарзандимиз бор, Афруза оилада иккинчиси, – дейди Шабнам Исматова. – Қизим ёшлигидан расм чизиш ва китоб ўқишга қизиқарди. Отаси Акбар Ҳакимов шахматчи бўлганлиги учун у ҳам шахматни танлади. Афрузанинг шахматга қизиқиши ва маҳорати ошгач, шахмат мураббийи Шахоб Ҳамроқуловга бириктирдик. Қизимиз у кишининг қўл остида вилоят биринчилиги, Ўзбекистон чемпиони ва халқаро турнирлар ғолиблигини қўлга киритди. Кейинчалик отасининг ўзи Афрузага устозликни давом эттирди ва мусобақаларда доим ёнида. Афруза бизга “Сизларнинг меҳнатларингиз орқали мени бутун дунё танийди. Ишончингизни оқлайман ва бунинг учун тинмай ҳаракат қиламан” дер эди. Фаолияти давомида болалар ва ўсмирлар, мактаб ўқувчилари ўртасида ўз ёш тоифасида 17 карра Ўзбекистон, 15 карра Осиё, 5 карра жаҳон чемпиони ҳамда халқаро турнирлар ғолиби бўлди. Ота-она учун фарзандининг ютуғини кўришдек бахт бўлмаса керак. Қизим билан фахрланамиз.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари