Африка глобал иқтисодий кучга айланмоқда
Африка иқтисодий ўсиш учун улкан салоҳиятга, сиёсий соҳада катта аҳамиятга эга янги глобал иқтисодий кучга айланиши мумкин, деди Эфиопия Бош вазири Абий Аҳмад “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида ўтаётган учинчи халқаро ҳамкорлик форуми очилишида.
– 1,4 миллиард аҳолига эга Африка глобал иқтисодий кучга айланиб бормоқда ва шубҳасиз, кейинги чегара бозори бўлади, – деди у. – Бир вақтлар хом ашё манбаи бўлган Африка энди ўз имкониятларини рўёбга чиқармоқда. Шу пайтгача ўз табиий бойликларини ўзлаштиришда бир четда қолиб келган қитъа тез суръатда глобал иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий кучга айланиб бормоқда. Айни дам жаҳон ҳамжамияти жиддий инқирозларга - иқлим ўзгариши, таркибий ўзгариш ва глобал беқарорликка дуч келмоқда. Бундай шароитда умумий муаммоларни ҳал қилиш учун биргаликдаги, ҳамжиҳат ҳаракатлар зарур. Бундай ёндашув илгари бутун дунё барқарорлигига имкон берган. Глобал етакчилар сифатида биз инсонпарварлик, адолат, инклюзивлик, тенглик ва ҳамдардлик тамойилини қабул қилишимиз керак.
Аҳмад Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусини олқишлаб, жамоавий тараққиёт тамойилига асосланган ҳолда глобал тараққиётга кўмаклашиши, одамларни яқинлаштириши ва тўсиқларни енгиб ўтишини таъкидлади.