Адолатли ҳукмдор ва юксак маънавият эгаси
Марказий Осиё халқлари тарихини ўрганишда Темур ва темурийлар даврини муфассал ўрганмай туриб бу минтақанинг тарихига баҳо бериш мумкин эмас.
Зеро, Марказий Осиё халқлари тарихида Темур ва темурийлар даври мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий ривожланиш жараёнида улкан ижобий бурилишлар даври бўлган.
Тарихга назар ташлар эканмиз, Мовароуннаҳр заминида қанчадан-қанча асрларга татигулик воқеа ва ҳодисалар бўлиб ўтганига гувоҳ бўламиз. Аммо мустабид тузум вақтида ўз тарихимизга бўлган эътибор суст эди. Истиқлолга эришганимиздан кейингина тарихимизни қайта ўрганиш бошланди. Соҳибқирон Амир Темурнинг қандай буюк тарихий шахс эканлиги нафақат бизнинг олимлар, балки бутун дунё олимлари томонидан исботланди.
Жаҳон олимлари томонидан темурийлар сулоласининг шажараси инглиз, француз ва немис тилларида нашр қилинган бир пайтда, собиқ иттифоқ даврида Темур шахсига ва унинг авлодларига нисбатан “босқинчи”, “қонхўр” ва “жаллод” каби иборалар билан тамға босилиб, халқ назаридан четлаб келинди. Ҳолбуки, Соҳибқирон ҳақидаги қўлёзма манбалар чуқурроқ таҳлил қилинса, унинг “босқинчилик” ҳарбий юришларининг туб моҳияти нимадан иборат эканлиги бир қадар ойдинлашади. Зотан, Амир Темур Мовароуннаҳрда йирик марказлашган давлатни барпо этгач, эндиликда бутун куч-ғайратини туркий халқларни бирлаштириш, илм-фанни тараққий эттиришга қаратган эди.
Амир Темурга хос бўлган қатор фазилатлар ичида илм аҳлига эҳтиром ва ғамхўрлик алоҳида ажралиб туради. Мустақиллик йилларида биз улуғ бобомизнинг хотирасига муносиб эҳтиром кўрсатиш имконига эга бўлдик.
Халқимиз, айниқса миллатнинг келажаги бўлган ёшлар буюк аждодлар тарихини қанчалар кўп ўрганса, уларнинг ҳаёти ва фаолиятидан ибрат ва сабоқ олса, қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғулари жўш уриб, элу-юртга бўлган муҳаббати янада ортади. Бу эзгу ишларни амалга оширишда эса тарихимизда ўтган кўплаб буюк сиймолар қаторида Соҳибқирон Амир Темур қадриятини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.
Амир Темур давлатида бошқа даврлардан фарқли ўлароқ барча табақаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатлари инобатга олиниб, уларнинг ҳаёти учун зарур ижтимоий замин яратилган. Ҳар бир тоифа, яъни у хоҳ олим, хоҳ наққош, хоҳ шоир бўлсин, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва мажбуриятлари ўзига хос қонун билан кафолатлаб қўйилган. Улар салтанат ғазнасидан моддий рағбатлантириб турилган.
Демак, Амир Темур давлати, хусусан пойтахти Самарқандда ижодкор инсонлар яшаши ва ижод қилиши учун барча моддий-маиший шароит яратилган эдики, жаҳоннинг турли жойларидан олиму фузалолар, муҳандислар ва ҳунармандлар бу ерга оқиб кела бошлаган.
Соҳибқирон давлат ва жамият бошқарувидаги фаолиятини илм аҳлининг маънавий кўмагига таянган ҳолда олиб борган. У олиму уламоларга юксак ишонч билдириб, қудратли давлат барпо этишда уларнинг беқиёс ўрни борлигини алоҳида таъкидлаб ўтган. Амир Темур қайси мамлакатни фатҳ этса, шу ерлик ижодкор аҳлини излаб топтириб, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўллаб-қувватлаган.
Биз яшаган замин Амир Темур даврида ҳам, бугунги кунда ҳам кўпчиликнинг ҳавасини келтираётгани рост. Энг асосийси, раият деб аталмиш халқ рози бўлган. Шунинг учун ҳам Амир Темур ҳукмронлиги даврида халқ тинч, осойишта ва фаровон турмуш кечирган.
Хулоса қилиб айтганда, Соҳибқирон Амир Темур миллий давлатчилигимиз тарихида нафақат етти иқлим султони сифатида, балки юрт ободончилиги ва халқ фаровонлиги йўлида бор куч-ғайратини сафарбар этган буюк давлат арбоби сифатида қолади.
Марҳабо ИСМОИЛОВА,
Сергели туманидаги 68-умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси.