Адолат ва матонат тимсоли бўлган аёлга эҳтиром кўрсатилди
Умрини эл-юрт хизматига бахшида этган инсонлар ҳамиша эъзозу эҳтиромга лойиқ. Наманган вилоятининг Уйчи туманида туғилиб камолга етган Ҳалима Муҳиддинова ҳам узоқ йиллар суд-ҳуқуқ тизимида самарали фаолият юритган, ҳаётини халқ хизматига бағишлаган фидойи инсонлардан эди.
Тажрибали ҳуқуқшунос, ўз вақтида Олий суд раиси сифати иш олиб борган Устоз Ҳалима Муҳиддинованинг номини абадийлаштириш, ибратли ҳаёт йўлини ёшларга намуна қилиб кўрсатиш мақсадида Наманган шаҳрида ҳуқуқшунос таваллудининг 110 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Президент Администрацияси, Судьялар олий кенгаши, Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар ассоциацияси ва Адлия вазирлиги мутасаддилари, шунингдек, вилоятлардан келган суд фахрийлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирокидаги хотира тадбири аввалида Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Ҳалима Муҳиддинова номидаги академик лицейда суд-ҳуқуқ соҳаси фидойисининг ҳаёт йўли ва амалга оширган эзгу ишларига бағишланган маросим бўлди.

Устоз хотирасини абадийлаштириш мақсадида таълим даргоҳида Ҳалима Муҳиддинова бюсти ўрнатилиб, хотира музейи ташкил этилди.

– Мен Ҳалима Муҳиддинова номидаги академик лицейда таълим олаётганимдан бағоят хурсандман, – дейди биринчи босқич ўқувчиси Мунзира Раҳматуллаева. – Келажакда у киши каби фидойи ҳуқуқшунос бўлмоқчиман.

Вилоят мусиқали драма театрида давом эттирилган тадбирда сўзга чиққанлар Ҳалима Муҳиддинова меҳнат фаолиятига тўхталиб, хизматлари, жасорати ва фидойилиги ҳақида тўхталишди.

Хотира тадбири давомида Ҳалима Муҳиддинованинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Матонат маликаси” китоби ҳамда шу номдаги ҳужжатли фильм тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Айниқса, суд-ҳуқуқ соҳаси фидойисига бағишлаб саҳналаштирилган театр композицияси томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди.

– Бугун Ҳалима опамизнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида амалга оширилган эзгу ишлардан таъсирланиб, кўзимизга ёш келди, – дейди атоқли судьянинг жияни Санобар Солиева. – Дарҳақиқат, опамиз ҳар қандай вазиятда ҳам касбига содиқ қолиб, халқ манфаатини биринчи ўринга қўйган инсон бўлган.

Тантанали тадбир давомида Ҳалима Муҳиддинова ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб куйланган “Адолат қуёши” номли қўшиқ премьераси ҳам бўлди. Қолаверса, ёзувчилар томонидан “Умр саодати” достон поэмаси ва “Меҳрнинг мангу қўшиғи” номли драма ёзилиб, матбуо нашрларида чоп этилгани таъкидланди. Бу ижодий ишларга муносиб ҳисса қўшган ижодкорларга Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан муносиб тақдирландилар.

– Бугунги ҳужжатли фильм ҳамда театр композицияси орқали устозимизнинг Олий суд раиси сифатида амалга оширган ишлари, тизим ривожи йўлидаги жонбозликларига гувоҳ бўлдик, – дейди Наманган вилояти суди судьяси Наргиза Аҳадова. – Албатта, бундай тадбирлар Ҳалима Муҳиддинова сингари фидойи инсонлар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ибратли умр йўлини ёш авлодга намуна қилиб кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири