Адолат тамойилларига садоқати алоҳида эътироф этилди
Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги 40-умумий ўрта таълим мактабида суд тизими фахрийси Раҳмонберди Норқўзиев билан учрашув бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган мазкур маънавий-маърифий тадбир ёшлар қалбида адолат, ватанпарварлик ва ҳалоллик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Тадбирда суд тизими вакиллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, педагоглар, ўқувчи ёшлар, шунингдек, Раҳмонберди Норқўзиевнинг яқинлари ва шогирдлари иштирок этдилар. Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашув авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни янада мустаҳкамлади.
Учрашув давомида Раҳмонберди Норқўзиевнинг суд-ҳуқуқ тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнат фаолияти, қонун устуворлиги ва адолат тамойилларига садоқати алоҳида эътироф этилди.

Қайд этилганидек, у 1988 йилда олий таълим муассасасини тамомлаб, меҳнат фаолиятини Ховос туман судида суд мажлиси котиби лавозимидан бошлаган. Кейинчалик суд тизимида турли масъул лавозимларда самарали фаолият юритиб, ўзининг билим ва тажрибаси, ҳалоллиги ҳамда инсонпарварлиги билан жамоатчилик ҳурматига сазовор бўлган.
Тадбирда мактабда ташкил этилган “Бизнинг фахримиз” бурчаги ҳам иштирокчилар эътиборини тортди. Унда Раҳмонберди Норқўзиевнинг ҳаёти ва меҳнат фаолиятига оид материаллар жойлаштирилган бўлиб, бу ўқувчилар учун ибрат мактаби вазифасини ўтайди.

Суд фахрийси ёшлар билан суҳбатда ўзининг болалик ва мактаб йиллари, ҳаётдаги қийинчиликлар ва уларни енгиб ўтиш тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.
– Ҳар қандай муваффақият замирида меҳнат, сабр ва интилиш туради. Инсон доимо ўз устида ишласа, билим олишдан тўхтамаса, албатта, мақсадига етади. Мен учун энг буюк мактаб — шу таълим даргоҳи бўлган. Бу ерда олган билим ва тарбиям ҳаётимда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди, – деди Раҳмонберди Норқўзиев ёшлар билан суҳбат чоғида.

Тадбир давомида ўқувчилар суд фахрийси билан очиқ мулоқот қилиб, унинг ҳаёт тажрибаси, меҳнат фаолияти ва муваффақият сирлари ҳақидаги фикрларини қизиқиш билан тингладилар.
– Суд фахрийларининг босиб ўтган ҳаёт йўли, касбига садоқати ҳамда адолат ва инсоф йўлидаги меҳнати ўқувчилар учун катта тарбия мактабидир. Бу каби учрашувлар ёшларда ўз келажагига ишонч уйғотиб, уларни эзгу мақсадлар сари руҳлантиради, – деди тадбирда иштирок этган мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Толисжон Додоев.
Тадбир якунида суд фахрийси томонидан мактабнинг фаол ва аълочи ўқувчиларига китоблар тақдим этилди. Шунингдек, вилоят суди ташаббуси билан таълим муассасаси кутубхонасига бадиий адабиётлар жамланмаси ҳамда спорт жиҳозлари совға қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири