“Адолат” СДП: сарҳисоб ва истиқболли режалар
Хоразмда Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий Кенгашининг VIII пленуми ўтказилди.
Урганч шаҳрида ўтган тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, партиянинг барча ҳудудий кенгаш вакиллари Пленум йиғилишида онлайн қатнашди.
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ва 2022 йилдаги устувор вазифаларига оид масала юзасидан партия Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов маъруза қилди.
Партия ташаббуси билан “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида республиканинг барча ҳудудий Кенгашлари фаоллари ва депутатлари кўмагида 860 нафар ишсиз хотин-қиз ишга жойлаштирилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган партия депутатлари томонидан 4 минг 945 та депутатлик сўрови юборилиб мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди. Бу ўтган йилга нисбатан 82 фоизга кўпдир. Ҳисобот даврида Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари кўриб чиқиш учун доимий комиссияларга 11 минг 200 га яқин, сессияларга эса 700 га яқин масала киритилди. Натижада сессия ва доимий комиссияга киритилган масалалардан келиб чиқиб, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан масъул мансабдор шахсларга аниқ топшириқлар берилди. Кенгашнинг тегишли комиссияси томонидан қарорлар ижроси назоратга олиниши белгиланди.
“Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидаги кўп тармоқли болалар шифохоналарида, Республика қон қуйиш марказида ўтказилган беғараз донорлик акциясида бемор болажонларга ҳаёт бағишлашга бел боғлаган юртдошларимиз ихтиёрий равишда қон топширди. Акция доирасида Республика бўйича жами 1951 нафар донор иштирок этиб, 3902 нафар қонга муҳтож болажон ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилди. Ўтган бир йил давомида ишчи гуруҳлар томонидан Республика бўйича 9 минг 158 та маҳаллада халқ билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилиниб, 65 минг 782 та хонадон ва 2876 та хўжалик юритувчи субъектга борилган.
Партиянинг барча тизимларига аҳолининг 10200 та мурожаати келиб тушган бўлиб, улар юзасидан 5 мингдан ортиқ депутатлик сўровлари юборилиб, уларнинг 3500 дан ортиғи ижобий ҳал этилган. 5000 дан зиёд мурожаатларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.
Пленумда қайд этилишича, ўтган йил давомида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 50 та йиғилиши ўтказилиб, уларда 135 та қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Ҳисобот даврида Президентнинг муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган қарор ва фармонлари, вилоятларга ташрифларидаги маърузалари, чет эл давлат ташрифлари мазмун-моҳияти ва улардан келиб чиқувчи фракция позицияларини шакллантириш бўйича 16 та масала кўриб чиқилди.
Фракция томонидан партия Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳалари ва Қонунчилик палатаси қарорлари лойиҳалари юзасидан партиянинг қуйи тизимидан таклифлар олиш ва умумий позицияни шакллантириш йўлга қўйилди. Партия тизимида “Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган тизим жорий этилиб, шу тизим натижасида ҳисобот даврида 23 та қонун лойиҳаси бўйича партиянинг қуйи тизимидан 140 дан ортиқ таклифлар фракцияга тақдим этилди.
Шунингдек, пленумда “Адолат” СДПнинг 2021 йилги Устав фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағларнинг ижроси ҳамда 2022 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари бўйича ахбороти тингланди. Пленум сўнгида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА