“Адолат”: фаоллик ва янги босқич сари
Нукусда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг 2025 йил якунлари ҳамда 2026 йилнинг биринчи чораги бўйича амалга оширилган вазифалар юзасидан ҳисобот мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ҳисобот даври партия фаолиятида сезиларли фаоллик ва ўсиш суръати билан ажралиб турди. 2025 йил давомида 36 та янги бошланғич партия ташкилоти ташкил этилиб, 13 минг 553 нафар фуқаро партия сафига қабул қилинди. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса яна 2 та янги бошланғич партия ташкилоти тузилиб, 1 минг 314 нафар янги аъзо партия сафига қўшилди. Бу рақамлар ҳудудларда партияга бўлган ишонч ортиб бораётганини яққол кўрсатади.

– Биз учун энг муҳим кўрсаткич бу рақамлар эмас, балки одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлардир. Ҳар бир ташаббусимиз бевосита аҳолининг муаммоларини ҳал этишга хизмат қилиши керак, – деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибай Қайпбергенов.

Дарҳақиқат партия томонидан амалга оширилган лойиҳалар жамият ҳаётининг турли соҳаларини қамраб олди. Ҳуқуқий саводхонликни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, таълим сифатини яхшилаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш йўналишларида олиб борилган ишлар натижасида 2025 йилда 1 минг 726 та тадбир ўтказилиб, уларда 38 минг 177 нафар иштирокчи қамраб олинди.

Айниқса, ташаббуслар доирасида “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ташкил этилган донорлик акциялари кенг жамоатчиликни бирлаштирди. Икки маротаба ўтказилган ушбу акцияларда 574 нафар донор иштирок этди. Натижада 258,4 литр донорлик қони жамланди.
Партия фаолиятининг очиқлиги ва жамоатчилик билан мулоқотга алоҳида эътибор қаратилди. Амалга оширилган ишлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилиб, аҳолининг хабардорлиги оширилди. 2026 йилнинг биринчи чорагида ҳам ушбу ишлар изчил давом эттирилиб, 342 та тадбир орқали 6 минг 372 нафар фуқаро қамраб олинди.

Мажлис якунида энг фаол туман Кенгашлари ва ташаббускор раҳбарлар муносиб эътироф этилди. Хўжайли тумани Кенгаши раиси Базарбай Утамбетов партия Сиёсий Кенгашининг “Адолат” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, 2025 йил якунлари бўйича Амударё, Мўйноқ ва Қораўзак туманлари кенгашлари энг намунали туман сифатида эътироф этилиб, фахрий ёрлиқ ҳамда компьютер жамланмалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.