Адлия мурожаатидан сўнг
Ёхуд асраб қолинган Буюк Хитой деворига ўхшаш Кампирдевор
Ёхуд асраб қолинган Буюк Хитой деворига ўхшаш Кампирдевор
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 24 июль куни сайтимиз орқали орқали ёритилган “Буюк Хитой деворига тенглаштирилган Ўзбекистондаги ёдгорлик бугун ахлат уюмлари билан “ўраб олинган” танқидий мақола ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилоят ҳокими К.Турсунов томонидан вилоятда мавжуд маданий ёдгорликлар муҳофазаси ва ҳолати бўйича йиғилиш ўтказилди. Кампирдевор ёдгорлиги мисолида ҳудудда мавжуд бошқа тарихий ёргорликлар ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузилган.

Айнан Ўзбекистон тарихи учун аҳамияти улкан “Кампирдевор” тарихий ёдгорлик харобалари атрофини ободонлаштириш, қалъа деворларини муҳофазага қилиш, маданий ёдгорликни давлат реестрига олиш ҳамда вилоят туризм маршрутига киритиш бўйича Қизилтепа туман ҳокимлигига топшириқ берилган эди.
Навоий вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг берган маълумотига кўра, ушбу маданий ёдгорлик атрофида тозалик, ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Туман ҳокимининг 2019 йил 26 январдаги қарорига асосан 6.8 км масофа доирасида кадастр ҳужжатлари тайёрланган ҳамда муҳофаза белгилари ўрнатилган.

Қувонарли томони, мазкур жамоатчилик гуруҳи сай-ҳаракатлари натижасида юртимизда яна битта маданий ёдгорлик асраб қолинди.
Шундай экан, Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асраш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини теран англасак, маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасида эканлиги ўз йўлида, аммо биз келажак авлод олдидаги масъулиятимизни виждонан ҳис этсаккина буюк тарихимизни сақлай оламиз.

Аслида, тарихий ёдгорликларни фақатгина давлатнинг эмас, балки фуқароларнинг ҳам ғамхўрлиги билан авайлаб асраш учун енг шимарган “Маданий мерос давлат ҳимоясида” жамоатчилик гуруҳининг асл мақсади ҳам ана шу.