Адлия кўмагида ходимларга устама пуллари тўлаб берилди
Бухоро вилояти Шофиркон тумани адлия бўлими томонидан 2022 йил декабрь ойида туман давлат ўрмон хўжалигида ишловчи 8 нафар фуқаронинг 2021-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўрмон хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида белгиланган қўшимча устама пуллари тўланмаганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатлари ўрганиб чиқилди.
Тўпланган ҳужжатларга кўра, туман давлат ўрмон хўжалиги томонидан фуқаролар Д.Юлдиев, Ж.Асомов, Ж.Қодиров, Л.Тўхсанов, О.Очилов, С.Ражабов, Э.Кенжаев ва Н.Ражабовлар ҳақиқатдан ҳам туман ўрмон хўжалиги бўлимида бир неча йилдан буён ишлаб келаётгани аниқланган. Уларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўрмон хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг 7-иловаси билан тасдиқланган “Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида” ги Низомнинг 3-боб 5-бандида қатъий белгиланган лавозим маошига қўшимча тўланиши лозим бўлган жами 110 миллион 192 минг 833 сўм устама пуллари тўланмаган.
– Мазкур қонун бузилиш ҳолатини бартараф этиш мақсадида 8 нафар фуқароларнинг манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судига даъво аризаси киритилди, – дейди Шофиркон тумани адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Б.Саидов. – Суднинг 2022 йил 27 декабрдаги ҳал қилув қарори билан мазкур даъво аризаси қаноатлантирилди. Ўрмон хўжалиги ходимларига иш стажи учун қатъий белгиланган лавозим маошига қўшимча тўланиши лозим бўлган устама пуллари тўланди. Мурожаатчиларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Зариф Комилов,
ЎзА