Адлия идоралари – халқ хизматида
Наманганда вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида соҳадаги энг муҳим йўналишлар ҳамда амалга оширилган ислоҳотлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Тадбир аввалида, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Дилмурод Аҳмедов тизимдаги янгиликлар, давлат хизматлари соҳасидаги ўзгаришлар ва истиқболдаги режалар ҳақида сўз юритди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда “Адлия идоралари – халқ хизматида” тамойили асосида олиб борилаётган бу ислоҳотлар аҳолига янада қулай, тезкор ва шаффоф хизмат кўрсатишга хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда адлия тизими тубдан янгиланиб, 70 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш, хизматларни рақамлаштириш, автоматлаштириш ҳамда инсон омилини камайтириш орқали шаффофликни таъминлаш бўйича тизимли ишлар ўз самарасини бермоқда.
Ҳар куни ўртача 2 мингга яқин фуқаролар давлат хизматларидан фойдаланмоқда. Фуқаролар, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган кишиларга қулайликлар яратиш мақсадида сайёр хизматлар йўлга қўйилиб, замонавий технологиялар – “Face-ID”, онлайн навбат ва масофавий хизмат тизимлари жорий этилди. Хизмат кўрсатиш вақти эса 10 дақиқадан тўрт дақиқагача қисқартирилди.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун навбатсиз хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилган бўлиб, олис ҳудудларда интерактив киосклар орқали хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган. Биргина Косонсой тумани марказидан 22 километр олис манзилда жойлашган Намуна маҳалласида масофадан туриб, 70 га яқин давлат хизматидан фойдаланиш имконини берадиган интерактив киоскдан аҳоли мамнун бўлмоқда. Келгусида давлат хизматлари сонини 900 тага етказиш, 1 минг 100 интерактив киоск ўрнатиш каби янги қулайликларни жорий этиш режалаштирилган.
Анжуман давомида, Президентимиз томонидан 2024 йил 5 августда имзоланган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш борасидаги ишлар ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар, бу борадаги қулайликлар юзасидан маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишга қаратилган қонун ижроси 2028 йил 1 январга қадар амалга оширилади. Ҳозирга қадар Наманган вилояти бўйича “E-Эътироф” дастурига 43 минг 500 га яқин объект киритилган бўлиб, айни вақтда уларнинг 29 мингдан ортиғи ваколатли идоралар томонидан ўрганиш жараёни босқичида турибди. 20 минг 700 дан зиёд объект солиқ қарздорлиги сабабли жараёнда вақтинча тўхтатиб қўйилган.
Жорий йил якунига қадар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари орқали 5 минг 600 га яқин мол-мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини эътироф этишни тасдиқлаш режалаштирилган. Энг муҳими, ушбу ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнини янада қулай, тезкор ва шаффоф қилишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.