Адлия бўлими тадбиркор манфаатини ҳимоя қилди
«Narmax lider quruvchi» масъулияти чекланган жамияти ва «Ховос туман йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси ўртасида тузилган шартномага кўра, Жамият юк ташиш хизматларини кўрсатиши, унитар корхона эса кўрсатилган хизматлар учун ўз вақтида тўлов амалга ошириши керак эди. Шартнома қиймати 788 500 000 сўмни ташкил қилган.
Аммо амалда шартнома шартларига тўлиқ риоя қилинмади. МЧЖ ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатилган хизматлар учун унитар корхона томонидан фақатгина 236 550 550 сўм миқдорида аванс тўлови амалга оширилган, қолган маблағ эса белгиланган муддатда тўланмаган.
«Narmax lider quruvchi» МЧЖнинг мурожаати асосида Ховос туман адлия бўлими томонидан мазкур масала ўрганиб чиқилди ва мавжуд ҳуқуқбузарлик ҳолати қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва тегишли қонун нормаларига асосан, шартнома мажбуриятлари белгиланган тартибда бажарилиши шарт. Шунингдек, тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун пеня ундирилиши ҳам белгиланган.
Юқоридагиларга асосан, Ховос туман адлия бўлими томонидан тадбиркор манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида Боёвут туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди. Суд томонидан даъво тўлиқ қаноатлантирилди. Суд ҳал қилув қарорига кўра, «Ховос туман йўллардан фойдаланиш» давлат муассасаси ҳисобидан «Narmax lider quruvchi» МЧЖ фойдасига 551 297 370 сўм асосий қарз, 5 000 000 сўм пеня ва 11 392 008 сўм давлат божи ундирилиши белгиланди.
Бу ҳолат тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари давлат томонидан кафолатланганини яна бир бор тасдиқлайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири