Адлия аралашгач 37 нафар ходимнинг пуллари ундирилди
Бухоро вилояти Вобкент тумани адлия бўлимига туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг 37 нафар ходими қўшимча моддий рағбатлантириш пуллари ўз вақтида тўланмаганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Ўрганиш жараёнида 2021 ва 2022 йилнинг 1 февраль ҳолатида туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимида ишловчи 37 нафар ходимга жами 507 миллион 840 минг сўм моддий рағбатлантириш (озиқ-овқат ва йўлкира харажатлари) пуллари тўланмаганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 декабрдаги 963-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш шартлари ва тартиби тўғрисида” ги Низомга кўра, ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида уларнинг ойлик маошига қўшимча тарзда ходимнинг мутахассислиги бўйича кўп йиллик хизматлари учун қатъий белгиланган лавозим маошига устама тўлаш белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси томонидан белгиланадиган шахсий устамалар, ойлик, чораклик, йил якуни бўйича ҳамда байрам кунлари учун мукофотлар, ишдаги ютуқлари учун моддий рағбатлантиришлар, ишдан ташқари вақтда ишга жалб этилгани учун тўловлар ҳамда бошқа пуллик компенсациялар, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва улар соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам, ходимларнинг ҳаётини суғурта қилиш ёки бошқа турдаги тўловлар тўланиши кўрсатиб ўтилган.
Шунга кўра, ходимнинг мутахассислиги бўйича кўп йиллик хизматлари учун қатъий белгиланган лавозим маошига устамалар бюджет маблағларидан ҳар ойда тариф сеткаси ва штат жадвалига мувофиқ тўланади. Ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар ойда (жамоа шартномасига мувофиқ) йўл транспорти учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари ҳамда ходимларнинг тушлик овқатланиши харажатларига кўмаклашиш мақсадида базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида тўловлар амалга оширилиши белгиланган.
Ўрганиш якуни юзасидан туман адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро судига 37 нафар ходимнинг манфаатини кўзлаб ариза киритилди. Ходимларга тўланиши лозим бўлган жами 507 миллион 840 минг сўм моддий рағбатлантириш пулларини ундириш тўғрисида суднинг буйруқлари қабул қилиниши таъминланди.
Зариф Комилов, ЎзА