Адирободда янги боғлар барпо этилмоқда
Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги Адиробод кенгликларида ёшларга хос жўшқин меҳнат кайфияти уфуриб турибди.
Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги Адиробод кенгликларида ёшларга хос жўшқин меҳнат кайфияти уфуриб турибди. Унум билан ишлаётган қудратли техникалар, басма-басига меҳнат қилаётган ташаббускор ёшлар ғайрат-шижоати адирлик қўйнига янги ҳаёт нафасини олиб кирмоқда.
Бу бежиз эмас. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев туман ёшлари билан ўтказган мулоқотида ёшларнинг Адиробод массивида тут плантациялари ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, уларга ҳар жиҳатдан ёрдам беришга тайёрлигини билдирганди.

Эзгу ташаббус йўлида бошланган ишлар узоқ куттирмади. Айни кунда Адиробод кенгликларида умумий майдони 2,5 минг гектар бўлган тут плантацияларини барпо этиш ишлари кўтаринкилик, уюшқоқлик, ҳамжиҳатлик асосида олиб борилмоқда. Экин майдонлари бўйлаб садафдек қадалган ниҳоллар пешма-пеш озиқлантирилиб, суғорилмоқда. Ниҳоллар парвариши билан боғлиқ бўлган бу агротехник тадбирлар кўчатлар туп олиб, ривожланиши имкониятини беради.
– Кўчат экиш, боғ яратиш халқимизга хос қадриятлардан, – дейди ташаббус доирасида бошланган ишларда фаол иштирок этаётган Ихтиёржон Абдураҳимов. – Бу ерда тенгдошларим билан елкама-елка туриб янги тутзорлар яратиш ишларида иштирок этаётганим билан фахрланаман. Бу ерлар яқин кунларда боғу бўстонга айланади. Ўзим ҳам оилавий пудрат асосида ер олиб, ипак қурти боқишни мақсад қилганман.

Туманда янги тут плантацияларини ташкил этиш, парваришлаш билан боғлиқ барча шарт-шароит етарли. “Бешариқ ипаги” пиллачилик кластери гектарлар учун керакли бўлган сара кўчатлар етказиб бермоқда. Кўчатларнинг сувга бўлган талабини қондириш учун 8 та тик сув қудуқлари қазилади ва ташаббуснинг дастлабки босқичида 200 гектар майдон ўзлаштирилади.
– Адирлик бағрида яратилаётган тут плантациялари ҳисобига ўн минг нафарга яқин янги иш ўрни яратилади, – дейди вилоят “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти раиси Маҳмуджон Қосимов. – Бундан ташқари, ипак маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, сифатини яхшилаш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш имкониятлари ҳам кескин яхшиланади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ипак қурти озуқа базаларининг кенгайиши ҳисобига бир мавсумнинг ўзида 8 минг қути ипак қурти боқиш ва 400 тоннадан ортиқ пилла етиштириш имконияти яратилади.

Адирлик бағрида бошланган ташаббусга вилоятдаги барча ёшлар қўшқанот бўлмоқда. Улар ҳам эзгу мақсад йўлида бошланган ишларга баҳоли қудрат ҳисса қўшиб, тенгқур дўстлари билан бир сафда меҳнат қилмоқда, изланмоқда.
– Вилоятимиз ҳокими ёшлар ташаббусини қўллаб-қувватлаб, имкониятларимизни рўёбга чиқариш йўлида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам бераётгани кучимизга-куч қўшмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бешариқ тумани бўлими раҳбари Баркамол Абдусаидов. – Биринчи кунинг ўзида тенгдошларимиз кучи билан 700 минг тупдан ортиқ тут кўчати экилиб, сувга қондирилди. Эътиборли жиҳати, ташаббусимизни қўллаб-қувватлаб, бизга ҳамроҳ бўлаётган ёшлар сафи кун сайин ортиб бормоқда.

Бешариқ туман ёшлари ташаббуси билан бошланган саъй-ҳаракатлар яқин йилларда ўз бўй-бастини кўрсатади. Тош-шағаллардан иборат бўлган Адирободда ям-яшил боғлар бўй кўрсатади.