Адабиёт мухлислари ахтариб ўқийдиган китоб
Атоқли ва ардоқли шоир Расул Ҳамзатов ҳеч қандай қолипларга сиғмайдиган, юрак қонунияти билан ижод қиладиган инсон эди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Адабиёт“ нашриётида Расул Ҳамзатовнинг “Танланган асарлар“ китоби чоп этилди.
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид лойиҳа раҳбари бўлган ушбу китобни таниқли ижодкор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Асрор Мўмин она тилимизга таржима қилган.
Маълумки, Расул Ҳамзатов ижоди инсонпарвар руҳи, миллий меросга, халқ ижодиётига таяниши, осуда ҳаёт, дўстлик, Ватан, оналарни ардоқлашдек ғояларга йўғрилгани, тинчлик ва осойишталикнинг қадр-қиммати тараннум этилгани билан аҳамиятлидир.
Расул оға шеъриятида шоирнинг ўз Ватани – Доғистоннинг тенгсиз экани, бу юрт одамларининг ғурури, шаъни, ор-номуси устуворлиги, оддий ҳаёт ҳақиқатлари, ҳикматлари улуғланиши билан миллионлаб китобхонлар эътиборини қозонган.
Ижодидаги бой миллий бўёқлар кўзга ташланиши, ўзига хос фикрлар, ҳикматларга бойлиги, миллий ўзлик ва ғурур устуворлиги сабаб атоқли авар шоирининг асарлари дунё халқларининг кўплаб тилларига таржима қилиниб, миллионлаб тиражларда чоп этилган, одамлар меҳри ва ихлосини қозонган. Бу жараён ҳали-ҳануз давом этмоқда.
“Танланган асарлар“да ўқувчилар муаллифни яқиндан билишлари учун замондош адибларнинг Расул Ҳамзатов ҳақидаги эътирофларидан лавҳалар келтирилган.
Китобга киритилган Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” бадиаси жаҳон адабиёти дурдоналари қаторидан ўрин олган. Бадиада Ватанга муҳаббат, миллий урф-одатларга, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, соф севгига садоқат ажиб ранг-бўёқларда тасвирланган. Беназир шоир бу асарида халқ ҳикматлари, иборалари, ҳикоятларидан унумли фойдаланган. Ўзининг қизиқарли кўрган-кечирганлари, эсдаликлари, асар руҳига йўғрилиб кетган пурмаъно шеърлари эса бадиага тароват бағишлаган. Шу боис севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг айнан шу бадиага ёзган сўзбошиси, сўнгра асарнинг ўзи берилган.
Муаллифнинг “Оналарни асранг” достонида дунёдаги энг меҳрибон, энг меҳнаткаш ва энг азиз зот бўлган оналар тараннум этилган. Шоир фақат ўз онаси ҳақидагина эмас, жаҳондаги меҳрибонлик тимсоли бўлган барча оналар тўғрисида ёзгани учун достон турли ёшдаги, турли миллат кишилари, турли касбдаги, ҳатто илгари шеър ўқимаган, аввал Расул Ҳамзатов номини эшитмаганлар ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Оналарга аталган бу достон севиб ўқилди ва ҳамон севиб ўқилмоқда, бундан кейин ҳам севиб ўқилаверади. Чунки достондаги воқелик ҳаёт ҳақиқатининг ифодаси эмас, балки ҳаёт ҳақиқатининг ўзидир.
Расул Ҳамзатовнинг самимий ёзилган мухтасар “Ўзим ҳақимда уч оғиз сўз” сарлавҳали таржимаи ҳолига ҳам китобда алоҳида ўрин берилганки, уни ўзига хос ибрат намунаси, дейиш мумкин. Жаҳон адабиёти хазинасидан ўрин олган асарлари билан ер юзини қуёш нуридай мунаввар этган шоир ҳали бургут юксаклигига кўтарилмаганлигига иқрор бўлиб, ўз олдига юксак мақсадларни қўйиб асосий китобини ёзишга чоғланаётганини баён этади. Шоирнинг бу дил изҳори ҳар бир ўқувчини таржимаи ҳолни қотириб ёзишгагина эмас, балки таниқли шоирдан намуна олиб, Ватанга, халқимизга чин юракдан садоқат билан хизмат қилишга ундайди.
Шунингдек, ёш китобхонларга маълумот бериш мақсадида таржимон Асрор Мўминнинг Расул Ҳамзатов ҳаёти ва ижодига бағишланган мақоласи киритилган. Мақола китобхонларнинг шоир ҳақидаги билимларини бойитади.
Куни кеча нашрдан чиққан Расул Ҳамзатовнинг “Танланган асарлар” китоби адабиёт мухлисларига ажойиб туҳфа бўлди. Тўғри, аввал ҳам унинг шеърлари Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, Зоҳиджон Обидов, Жуманиёз Жабборов, Машраб Бобоев, Мирпўлат Мирзо, Матназар Абдулҳаким каби ижодкорлар томонидан она тилимизга таржима қилинган. Устоз журналист, публицист, адиб Асрор Мўмин Расул оға ижодини бугунги кунда ўзбек китобхонларига тақдим этишда жонбозлик кўрсатаётган фидойи мутаржимлардан саналади.
Бир сўз билан айтганда, Расул Ҳамзатовнинг “Танланган асарлар“и адабиёт мухлислари ахтариб ўқийдиган нашр бўлгани аниқ.
Н.Усмонова тайёрлади,
ЎзА