Адабиёт байрами қизғин тус олди
“…Одамлар ҳар хил тилларда гаплашадилар. Бироқ, фақат битта тилда – юрак деб аталмиш забонда севги изҳор қиладилар, қувонадилар, соғинадилар”, деган эди Чингиз Айтматов. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилаётган Республика Ёш ижодкорлар семинарини кузатар эканман, мен бугун мутафаккир адибнинг юқоридаги сўзларига бироз ўзгартириш киритгим келди.
Одамлар ҳар хил тилларда гаплашадилар. Бироқ, фақат битта тилда – юрак деб аталмиш забонда шеър ўқийдилар, шеърни ҳис этиб йиғлайдилар, табассум қиладилар ва бир-бирларига яқинлик туядилар. Ҳа, шеър ўзбекми, русми ёхуд қорақалпоқми, қайси тилда янграмасин, юракдан чиққани боис юракларга етиб боради.


Устозларимиздан бири айтганидай, “Шоирлар дунёнинг турли бурчакларига тарқаб кетган бир миллат вакилларидир”. Бугун юртимизнинг турли бурчакларида ижод қилиб юрган ўзбек, қорақалпоқ, рус тилларида ижод қилгувчи ёш ижодкорларнинг бошини қовуштирган ва уларга ўзини кўрсатиш учун бир катта майдон туҳфа этган, илҳомланиш, фикр қилиш учун адабий муҳит яратиб берган семинар янада қизғин тус олди. Семинар иштирокчилари шеърият, наср, бадиий публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти, адабиётшунослик, драматургия, рус адабиёти йўналишларида ўнта гуруҳга бўлиниб, устоз ижодкорларга қулоқ тутдилар.
Бу йил семинарнинг ташкил этилганига 25 йил тўлди. Шу йиллар давомида иштирокчи ёшлар адабиётимизнинг улкан дарғаларининг сабоқларидан баҳраманд бўлдилар. Илк иштирокчилар учун Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Иброҳим Раҳим, Ҳалима Худойбердиева, Александр Файнберг, Турсунбой Адашбоев, Муҳаммад Юсуф, Анвар Обиджон, Абдували Қутбиддин каби ижодкорлар сабоғи энди гўзал хотирага айланди.


Бугун ҳам иштирокчи ёшлар ўзбек адабиётининг энг кўзга кўринган вакиллари бўлмиш Иброҳим Ғафуров, Хуршид Дўстмуҳаммад, Маматқул Ҳазратқулов, Сувон Мели, Одил Икром, Фахриёр, Азиз Саид, Исажон Султон, Собир Ўнар, Сирожиддин Рауф, Нурбой Жабборов, Салим Ашур, Зебо Мирзо, Кавсар Турдиева, Николай Илъин, Кенесбой Каримов, Хосият Рустамова каби сўз заргарлари ёшларнинг ижод намуналари билан танишиб, холис фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, қимматли маслаҳатларини бердилар, тажрибалари билан ўртоқлашдилар, йўл-йўриқ кўрсатдилар.


Илк машғулотларда асарлари юқори баҳо олиб, устозларнинг таҳсинига сазовор бўлган ижодкорларнинг кўпчилиги эндиликда сўз майдонида ўз ўқувчи-мухлисларини топиш билан бирга, жамиятнинг турли бўғинларида меҳнат қилиб, мамлакатимиздаги маънавий-маърифий муҳитни янада яхшилаш, эзгу ғоялар, олижаноб мақсадларни амалга ошириш йўлида меҳнат қилмоқдалар.
Робиндранат Тагор айтганидек, “Чексиз умид ва иштиёқ ёшликнинг асосий бойлигидир”. Умид қиламизки, бу йилги адабиёт байрами иштирокчилари ҳам бу бойликни асраб-авайлаб, хайрли мақсадлар йўлида сарфлаб, устозлари изидан бориб, келажакда ўз йўлини топади, юртимизнинг фахрига айланади, ўзбек адабиётини жаҳонга танитади. Зеро, юксак ғоя ва эзгу ният уйғунлашган юртда буюк мақсадлар, албатта, рўёбга чиқажак.
Ойдин ЙЎЛДОШЕВА, ЎзА