“ACWA Power” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари билан учрашув
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Саудия Арабистони “ACWA Power” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жон Заиди билан учрашди.
Унда давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича алоҳида эътибори ҳақида таъкидланди.
Учрашувда “ACWA Power” компанияси томонидан шамол электр станциясини қуриш бўйича республика ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар, истиқболли лойиҳаларни янада кўпайтириш, шунингдек, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, “Нукус-1” лойиҳаси доирасида қуввати 100 мегаватт бўлган шамол электр станцияси барпо этилди. Шунингдек, Беруний туманида “Нукус-2” лойиҳаси доирасида қиймати 260 миллион АҚШ долларлик 200 мегаваттлик шамол электр станцияси ва 100 мегаваттлик энергия сақлаш тизими қурилмоқда. Бундан ташқари, Қўнғирот туманида 2000 мегаваттлик шамол электр станцияларини қуриш бўйича амалий ишлар бошланди.
Учрашувда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, қурилиш ишлари ва станция ишларига маҳаллий фуқароларни жалб қилиш, бунинг учун зарур кадрларни тайёрлашда Қорақалпоғистондаги ўқув юртлари имкониятларидан фойдаланиш каби муҳим масалалар юзасидан кенг турда фикр алмашилди ва келгусидаги режалар белгилаб олинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.