Ачинкўл – чўл бағридаги аччиқ сув, ширин умидлар маскани (+видео)
Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида жойлашган Ачинкўл бир қарашда сокин, аммо моҳиятан серқирра табиий манзил. Чўл кенгликлари қаърида ётган бу кўл нафақат сув манбаи, балки ўзига хос экотизим, тарих ва келажак уйғунлашган ҳудуддир.
Ачинкўл номи ҳам унинг табиатидан дарак беради. Топонимикада “ачиқ” – сувнинг шўр, минераллашган хусусиятини англатса, “кўл” – табиий сув ҳавзасидир. Демак, Ачинкўл “аччиқ сувли кўл”. Бу эса унинг табиий келиб чиқиши ва сув таркибининг ўзига хослигини кўрсатади.
Майдони қарийб 2 минг гектар бўлган ушбу кўлда 210 миллион куб метр сув жамланган. Чуқурлиги 18 метрга етади. Кўл Миришкор жанубий коллектори орқали келиб қуйиладиган сувлар ҳисобига тўйиниб туради ва бу унинг экологик аҳамиятини янада оширади.
Бу ернинг табиати кескин континентал иқлим таъсирида шаклланган. Ёзда иссиқ ва қуруқ ҳаво ҳукм сурса, қиш ойларида совуқ шамоллар эсади. Кўл атрофи асосан қумли ва шўрхок ерлардан иборат бўлиб, бу ерда фақат чидамли ўсимликлар ҳаёт кечиради.
Қирғоқларда қамиш ва қўға қалин ўсиб, кўплаб жониворларга бошпана бўлади. Саксовул ва юлғунлар эса чўлнинг “тирик қалқони” каби табиатга барқарорлик бахш этади. Шўрадош ўсимликлар бу ердаги оғир шароитга мослашган ҳолда яшаб келмоқда.
Ачинкўл ва унинг атрофи ҳайвонот дунёсига ҳам бой. Бу ер кўчиб юрувчи қушлар учун муҳим манзиллардан бири ҳисобланади. Айниқса, ўрдаклар, ғозлар, бақатўнлар, ҳатто баъзан фламинголарни ҳам учратиш мумкин. Чўл бағрида эса тулкилар, чиябўрилар, камдан-кам ҳолларда жайронлар кўзга ташланади.
[gallery-28778]
Кўл сувларида эса сазан, усач ва лаққа каби балиқ турлари учрайди. Бу эса маҳаллий аҳоли учун ҳам муайян манфаат манбаи ҳисобланади.
– Ачинкўл бизнинг табиатимиз, хотираларимиз билан боғлиқ жой, – дейди Бўсон маҳалласи фаолларидан Суннат Пирқулов. – Илгари ҳам бу ерга келиб дам олардик. Балиқ овлардик. Ҳозир ҳам келган одам табиатдан завқ олади. Агар инфратузилма яратилса, бу жой катта сайёҳлик масканига айланиши мумкин.
Дарҳақиқат, бу ҳудуднинг салоҳияти катта. Чўл ва сув уйғунлиги, табиий ландшафт ва сокин муҳит экотуризм учун ноёб имкониятлар яратади.
– Ҳозир бу ерга эътибор ошиб бормоқда. Агар йўллар яхшиланса, сайёҳлар учун шароитлар яратилса, бу ҳудуд иқтисодий жиҳатдан ҳам фойда келтиради, – дейди маҳалла фаолларидан бири Азамат Ҳамроев. – Бу ерни ривожлантириш билан бирга, табиатни асрашни ҳам унутмаслик керак. Чунки Ачинкўл ноёб экотизимдир.
Бугунги кунда Президент қарори асосида ушбу ҳудудда экотуризмни ривожлантириш ва табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу эса Ачинкўлнинг келажагига янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Ачинкўл бу фақат шўр сувли кўл эмас. У чўл бағридаги ҳаёт, табиат ва инсон уйғунлигининг ёрқин тимсоли. Бугун у сокин, аммо эртага у сайёҳлар йўли тушадиган, табиат билан мулоқот қиладиган манзилга айланиши мумкин.
Муҳими, бу мовий олам ўз софлиги ва табиийлигини сақлаб қолсин.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/mBbXGEcp4tM?si=gc2oAgqlfr6MNWHj" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари