ACC 2027 йилдан янги мусобақалар тизимини жорий этади
Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган ACC Бошқарув қўмитаси йиғилишида қарор қабул қилинди.
Осиё велоспорт конфедерацияси (ACC) 2027 йилдан бошлаб қитъада велоспортни янада ривожлантириш, ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда мусобақалар тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор янги ташаббусларни амалга оширади.
Унга кўра, 2027 йилдан “ACC Grand Fondo” Осиё чемпионати ташкил этилади. Мастерс тоифасидаги спортчилар ўртасидаги шоссе баҳслари Осиё чемпионатидан ажратилиб, янги мусобақа дастурига киритилади.
Шунингдек, ёш велоспортчилар учун “Asian Youth Plus Track Championships” — янги қитъа чемпионати йўлга қўйилади. Унинг илк мусобақаси 2027 йилда Филиппиннинг Тағайтай шаҳрида ўтказилади. “Asian Balance Bike Challenge” мусобақаси эса 2027 йилда ҳам Таиланд мезбонлигида ташкил этилади.
Яна бир муҳим янгилик — 2027 йилдан шоссе бўйича Осиё чемпионати дастурига ўсмирлар ўртасидаги баҳслар ҳам қўшилади. Унда ўғил-қизлар ўртасидаги 15–16 ёш тоифалари ҳам иштирок этади. Шу тариқа, мазкур ёшдаги спортчилар учун шоссе ва трек йўналишларида Осиё чемпионатида қатнашиш имконияти яратилади. Бунга қадар ўсмирлар қитъа чемпионатларида асосан 17–18 ёш тоифасида иштирок этиб келган.
Йиғилишда ACCнинг 2027 йилги Конгресси 12 июнь куни Хитойнинг Ички Мўғулистон автоном ҳудудидаги Ордос шаҳрида ўтказилиши белгиланди. Бошқарув қўмитасининг навбатдаги йиғилиши эса 11 июнь куни бўлиб ўтади.

Шунингдек, 2027 йил 2 февраль куни Куала-Лумпур шаҳрида Халқаро велосипедчилар иттифоқида (UCI) овоз бериш ҳуқуқига эга Осиё вакилларини сайлаш бўйича навбатдан ташқари ACC Конгресси ташкил этилади.
ACC ривожланаётган миллий федерацияларни велосипедлар ва зарур спорт жиҳозлари билан таъминлаш дастурини ҳам давом эттиришини маълум қилди.
Қабул қилинган қарорлар қитъада ёшлар велоспортини ривожлантириш, оммавий велоспорт қамровини кенгайтириш ва мусобақалар тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА