Абитуриентлар учун муҳим босқич: тестга кириш рухсатномалари берилмоқда
2026/2027 ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар учун яна бир муҳим жараён бошланди.
Энди улар тест синовларида иштирок этиш учун зарур бўлган “Абитуриент рухсатномаси”ни юклаб олишлари мумкин.
Рухсатномани my.uzbmb.uz портали орқали шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), паспорт серияси ва рақамини киритган ҳолда олиш мумкин. Ҳужжатда абитуриентнинг тест топширадиган манзили, санаси, вақти ва аудиторияси ҳақидаги маълумотлар акс эттирилган.
Тест синови куни абитуриентлар ўзлари билан асл паспорт ёки ID-карта ҳамда абитуриент рухсатномасини олиб келиши лозим. Паспорт нусхаси, бошқа ҳужжатлар ёки тасдиқловчи кўчирмалар тестга кириш учун асос бўла олмайди.
Шунингдек, имтиҳон ўтказиладиган ҳудудга белгиланган вақтдан кечикмасдан етиб келиш муҳим ҳисобланади. Белгиланган вақтдан кеч қолган ёки шахсини тасдиқловчи асл ҳужжатсиз келган абитуриентлар тест синовларига киритилмайди.
Мутахассислар абитуриентларга рухсатномани олдиндан юклаб олиш, ундаги маълумотларни диққат билан текшириш ҳамда тест ўтказиладиган манзил ва вақт билан олдиндан танишиб чиқишни тавсия этмоқда. Бу имтиҳон кунидаги ноқулайликларнинг олдини олиш ва жараённи хотиржам ўтказишга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, қабул жараёнларининг рақамлаштирилиши туфайли абитуриентлар барча зарур маълумотларни онлайн тарзда олиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса қабул жараёнининг очиқлиги, шаффофлиги ва қулайлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА