Абдурауф Фитрат илмий мероси мулоқот марказида
Бугунги кунда тарихни чуқур англаш, миллий ўзликни илмий асосда ўрганиш ва уни халқаро миқёсда тарғиб этиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, археология ва антропология каби фанлар инсоният тараққиёти илдизларини очиб беришда, жамият ривожланиш қонуниятларини англашда муҳим роль ўйнайди.
Шу жиҳатдан, Ўзбекистон Фанлар академияси Антропология институтида таниқли жадид, антрополог олим ва профессор Абдурауф Фитрат таваллудининг 140 йиллигига бағишланган “Ўзбекистонда археологик ва антропологик тадқиқотлар” мавзусидаги Республика илмий анжумани бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман доирасида тўртта асосий йўналиш бўйича шўъбалар фаолият олиб борди. Анжуманга 60 га яқин тезислар келиб тушгани илмий ҳамжамиятнинг мазкур йўналишларга бўлган қизиқиши юқори эканидан далолат беради.
Анжуман давомида кўтарилган асосий масалалардан бири – археологик ва антропологик тадқиқотларнинг методологик асосларини такомиллаштириш зарурати бўлди.
[gallery-28548]
Шунингдек, ҳудудий тадқиқотлар етарли даражада тизимлаштирилмагани, айрим археологик объектларнинг тўлиқ ўрганилмагани каби муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Бу эса илмий изланишларда ёндашувни кучайтириш, турли фанлар интеграциясини таъминлаш заруратини кўрсатади.
Маданиятларнинг шаклланиши, қадимий шаҳарлар ва салтанатларнинг пайдо бўлиши, ҳунармандчилик ва ишлаб чиқариш технологияларининг ривожи, этник удумлар ҳамда диний қарашларнинг эволюцияси каби масалалар бўйича билдирилган фикрлар тарихий жараёнларни янги нуқтаи назардан кўриб чиқишга хизмат қилди.
Мазкур илмий анжуман Ўзбекистонда археология ва антропология фанларини ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди. У нафақат мавжуд илмий ютуқларни сарҳисоб қилиш, балки келгусидаги устувор йўналишларни белгилаш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва ёш олимларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, Абдурауф Фитрат каби буюк аждодларимизнинг илмий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва уни замонавий илм-фан билан уйғунлаштириш орқали миллий илмий мактаб фаолияти мустаҳкамланади.
Бу эса, ўз навбатида тарихий билимларни бойитиш, уларни кенг жамоатчиликка етказиш ва миллий ўзликни англаш жараёнини янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА