Абдулла Қодирийнинг Берлиндаги сирдоши
Мустақил Ўзбекистоннинг қарийб 35 йил давомида тинч осмон остида эркин ва фаровон ҳаёт кечириши, энг муҳими, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, ҳеч кимга қарам бўлмасдан тараққий этиши замирида узоқ йиллар Ватан озодлиги йўлида ўз азиз жонларини фидо қилган улуғ аждодларимизнинг орзулари ётибди. Шу маънода, мустамлака тузуми даврида қатағон сиёсати қурбони бўлган кишиларнинг хотирасини ёд этиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Жорий йилнинг 28 августида давлатимиз раҳбари бошчилигида турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ҳамда зиёлилар иштирокида Тошкентдаги «Шаҳидлар хотираси» хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросими ўтказилди. Тадбир давомида қатағон қурбони бўлган шахсларнинг хотирасини абадийлаштириш, тарихий адолатни тиклаш, уларнинг ҳаёти, фаолияти ва илмий меросини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш йўлида илмий изланишлар кўлами ва сифатини ошириш бўйича навбатдаги вазифалар белгиланди.
Бугун Янги Ўзбекистонда ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши учун барча шароитлар яратилган. Сўнгги ўн йилда биргина олий таълим муассасаларининг сони 77 тадан 205 тага етгани, дунёнинг топ-100 талигига кирувчи университетларда 3 минг 500 дан зиёд ўзбекистонликларнинг таҳсил олаётганлиги, магистратурада ўқиётган хотин-қизларнинг ўқув-шартнома тўловлари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши, ҳар йили докторантура йўналишида мақсадли ўринлар ажратилиши натижасида йил сайин республикамизда зиёли аёллар сони ошиб бормоқда. Бир қарашда қисқа муддат ичида эришилган ушбу ютуқлар ёшлар учун табиий жараёндек кўринса-да, аслида бу босқичга етиб келиш ҳам осон кечмаган. Бугун биз учун оддийликка айланиб улгурган ижтимоий-иқтисодий барқарор ривожланиш истиқлол неъмати эканлигини англаш учун тарихга назар солиш кифоя.