Абадиятга муҳрланган хотиралар (+видео)
Қатағон сиёсати энг юқори чўққисига чиққан давр 1937–1938 йилларга тўғри келади. Шу йиллар мобайнида 1 миллион 300 минг киши “аксилинқилобий фаолият” айблови бўйича ҳибсга олинган. Ҳибсга олинганларнинг ярми ўлим жазосига ҳукм этилган. Қатағонлар аҳолининг деярли барча табақаси вакилларини қамраб олган эди.
Жиззахлик зиёлилардан бири Урдушбек Салимов ҳам қатағон сиёсатининг қурбони бўлганди.
– Марҳум тоғам Урдушбек Салимов 1897 йили Жиззах шаҳрида обрўли, илмпарвар оилада туғилган, – дея хотирлайди унинг жияни Урдушбек Тўраев. – Ўша давр мактабини битиргандан сўнг Самарқанд шаҳридаги техникум ёки олийгоҳда, аниғини билмайман, таҳсил олган. Ўша ерда прокуратурада ишлаган. Самарқанд вилояти прокурори даражасига кўтарилган. Кейинчалик пойтахт Тошкентга чақирилиб, ўша ерда прокуратура соҳасида хизматини давом эттирган. Ўша даврдаги давлат раҳбарлари билим ва тажрибасини ҳисобга олиб, тоғамизни Москвага ўқишга жўнатишган. У ўқиши якунига етгач, Москвада ишда қолади. Билим даражаси, ўз касбининг фидоийси эканлиги ҳисобга олиниб, генерал- лейтенант унвонигача кўтарилган.
1937 йили қатағоннинг айни авжига чиққан йиллари “учталик” хат келади ва у ҳеч бир асоссиз ҳибсга олиниб, Россия Федерациясининг Маганд вилояти қамоқхонасига жўнатилади. 1937 йили қамалганидан сўнг орадан 11 йил ўтиб, 1958 йили оқланади. Аммо тоғам Урдушбек Салимов она ватанига қайтмайди. Ундан кейинги тақдири бизга номаълум.
Ушбу лавҳада биз жиззахлик қатағон қурбони бўлган Урдушбек Салимовнинг номини тилга олдик ва қисқагина бўлса-да, у киши ҳақида баъзи маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилдик. Уларнинг айби ҳурлик, озодлик, миллий мустақилликка эришишни орзу қилгани бўлди. Зотан, мана шундай қатағон қурбонлари халқимизнинг чинакам қаҳрамонлари эди. Уларнинг хотиралари абадиятга мангуга муҳрлангандир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/F4InzTAM7Rg" title="Abadiyatga muhrlangan xotiralar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов (видео), ЎзА мухбири