Абадий дўстликнинг ягона йўли
Икки абадий дўст, икки абадий туғишган, икки абадий биродар ўзбек ва қозоқ халқларининг асрлар, насллар синовидан ўтган азалий ҳамжиҳатлиги метиндан мустаҳкам ришталарга эга. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қадрдон қўшни юрт – Қозоғистонга ташрифи, Остона шаҳридаги икки томонлама олий даражадаги учрашувлар, буюк шоиримиз Навоий ҳайкали очилиши тантанаси ҳамда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувидаги иштироки мамлакатимизнинг барча фуқаролари қатори биз, адибларни ҳам беҳад қувонтирди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ўзбек халқининг улуғ фарзанди, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини очиш маросимида ушбу обида икки халқ орасидаги беқиёс ўзаро ҳурматнинг ёрқин ифодаси эканини таъкидладилар. Ғазал мулкининг султони шарафига қад рослаган муҳташам ҳайкал қозоқ халқининг ўзбек даҳосига эҳтиромидир. Бир неча йилдан буён пойтахтимиз марказий майдонларидан бирини безаб турган қозоқ адабиёти мумтоз намояндаси, буюк Абай Қўнонбоев ҳайкали ўзбек элининг қардош халқ мутафаккирига чексиз ҳурматини ифодалайди. Навоий ва Абай ижоди нафақат туғишган икки халқни, балки бутун жаҳон аҳлини тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибатга чорлаб келмоқда.
– Буюк файласуф ва инсопарвар шоир Алишер Навоийнинг ижодий мероси нафақат ўзбек халқига, балки бутун дунёга тегишли ноёб бойликдир, – деди Ўзбекистон Президенти. – Навоий асарлари XVI асрдаёқ итальян ва немис тилларига таржима қилинган бўлса, бугунги кунда дунёнинг деярли барча тилларида янграмоқда. Асрлар давомида ҳаётнинг ўзига хос энциклопедияси бўлган унинг ижоди миллионлаб инсонларни ҳайратга солиб, руҳлантириб келмоқда. Ишончим комилки, Алишер Навоий ҳайкали икки халқ ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарининг яна бир ёрқин рамзига айланади, унинг мероси эса яна кўплаб авлодларни буюк ютуқларга илҳомлантиради!
Ўзбек ва қозоқ элларининг абадий дўстлиги аллақачон адабий дўстликка айланиб кетган. Бу биродарлик сарчашмасида атоқли адибларимиз Ойбек ва Мухтор Авезов, Ғафур Ғулом ва Собит Муқонов, Миртемир ва Абдилда Тожибоев турдилар. Икки халқ адабиёти ўртасида икки карра Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати, Қозоғистоннинг бир неча нуфузли мукофоти соҳиби Носир Фозилов олтин кўприк эди. Атоқли адиб Қозоғистонда Ўзбекистон, Ўзбекистонда Қозоғистон йиллари ўтказилишига гувоҳ бўлди. Айнан азиз устозимиз даъвати билан биз ўз таржималаримиз асосида “Қозоқнинг қирқ оқинидан қирқ ўлан”, “Оққув қанотига қўнган оҳанглар” китобларини нашрдан чиқардик. Ушбу асарларга кўплаб қозоқ шоирлари шеърларидан намуналар жойланди. Давлатимиз раҳбарининг Абай Қўнонбоев ижодини кенг тарғиб этишга қаратилган қарорига жавобан буюк адибнинг “Кўзимнинг қораси” китобини таржима қилиб чоп эттирдик. Бу ишлар изчил давом эттириляпти. Абадий дўстликнинг энг ишончли, ягона омили барча соҳалар, жумладан гуманитар йўналишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдир. Биз, адиблар мунтазам равишда бу олижаноб ишга ўзимизнинг муносиб улушимизни қўшамиз!
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими