Жаҳон матбуоти саҳифаларида
MIR24.TV: АҚШ коронавирус пандемиясига курашиш мақсадида Ўзбекистонга қиймати 600 минг АҚШ долларига тенг гуманитар ёрдамни юборди.
АҚШ гуманитар ёрдам жўнатди
MIR24.TV: АҚШ коронавирус пандемиясига курашиш мақсадида Ўзбекистонга қиймати 600 минг АҚШ долларига тенг гуманитар ёрдамни юборди.
ROSSAPRIMAVERA.RU: «Сантоша Джа Ўзбекистон савдо саноат палатасига Ҳиндистон-Ўзбекистон ўртасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол ҳамкорлиги учун миннатдорчилик билдирди» — Ўзбекистон ва Ҳиндистон иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.
PRAVDA.RU: “Қарордан кўзланган асосий мақсад ноёб табиий ёдгорликларнинг геологиясида ва халқаро миқёсда эътироф этилган «Зинзилбон» кесимининг ўрни ва обрўсини мустаҳкамлаш. Шу билан бирга расмийлар республикада геотуризм ва иқтисодий туризмни ривожлантиришни режалаштирмоқда”. Ўзбекистонда Китоб геология миллий парки ташкил этилди.
* * *
Ўзбекистон ва Қирғизистон Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўл қурилишини тезлаштиради

Томонлар видеомулоқот ўтказиб, йўналишлар, лойиҳани амалга оширишнинг техник ва молиявий жиҳатлари каби масалаларни муҳокама қилишга келишиб олди. Кейинги ҳафта Хитой билан учрашув ўтказиш ва йўл қурилишини тезлаштириш учун амалий вазифаларни ҳал этиш режалаштирилди.
«Суҳбат давомида томонлар Марказий Осиё ва Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари ўртасида ўзаро савдо ҳажмини оширишда муҳим ўрин эгаллаган Лянюнган — Ланчжоу — Қашғар — Иркештом — Ўш — Андижон транспорт йўлагидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди».
Вазирлар Қирғизистоннинг Хитой билан чегарадош бўлган Иркештом қишлоғидан Қирғизистоннинг Ўш темир йўл станциясига контейнерларни ташувчи Хитой – Марказий Осиё мамлакатлари – Кавказ бўйича қатнайдиган автотранспортни тўсиқларсиз ўтказиб юборишга келишиб олди.
Ўзбекистон Россия ва Қозоғистон ҳудудини четлаб ўтиб, Хитойдан Европагача бўлган транспорт йўлаги лойиҳасини таклиф этмоқда.
* * *
“Cotton Campaign” даъвони қайтариб олишга ҳали тайёр эмас

Forbes. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси билан ҳамкорликда Испаниянинг “Inditex” конгломерати коммуникациялар бўйича бош директор Хесус Эчеварри билан видеомулоқот ўтказди. “Inditex” — йирик фешн-ретейлерлардан бири бўлиб, дунёнинг 88 мамлакатида “Zara”, “Zara Home”, “Oysho”, “Massimo Dutti”, “Bershka”, “Pulland Bear”, “Stradivarius”, “Tempe”, “Lefties” ва “Uterque” брендлари остида қарийб 7000 дўконларга эгалик қилади. Онлайн-музокараларда Ўзбекистондан “Aisha Home Textile”, “Chust Textile”, “Bofanda JV LLC”, “Bukhara Cotton Textile”, “Zarafshon Tekstil”, “Uz Tex Group”, “Textile Technologies Group” каби ишлаб чиқарувчилар вакиллари иштирок этди.
Мулоқотда Ўзбекистон йирик пахта етиштирувчи мамлакат ҳисоблансада, унга тайёр газламани етказиб берувчи сифатида қараш керак, чунки пахта тўлалигича мамлакат ичида қайта ишланади. Ўзбекистон тайёр кийим-кечаклардан ташқари “Zara Home” учун уй газлама маҳсулотлари ҳамда “Inditex” нинг бошқа брендлари учун люкс тоифадаги маҳсулотларни ҳам етказиб бериши мумкинлиги қайд этилди. Испания вакиллари Ўзбекистоннинг GSP+ мақомини қўлга киритгани билан қутлаб, бу “Inditex” ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришда асосий омиллардан бири эканини қайд этишди. Хесус Эчеварри ишлаб чиқарувчиларга қўйиладиган асосий талаблар ҳақида тўхталиб ўтди. Асосий мезонлар – дизайн, сифат, муддатларга қатъий риоя қилиш ва нархларнинг рақобатбардошлиги. Шунингдек, ишлаб чиқариш барқарорлиги, халқаро меъёрларга риоя илиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни кенгайтиришга ва музокараларни давом эттиришга тайёр эканликлари билдирди. Тез орада Ўзбекистондан “Inditex” тармоғига юқори сифатли тикувчилик-трикотаж ва пахмоқ маҳсулотлар етказиб бериш бўйича таклифлар юборилади. “Inditex” брендлари Ўзбекистондан пахта олишни рад этган 305 та брендлар рўйхатига киради ва “Cotton Campaign” халқаро коалицияси ушбу мамлакатда мажбурий меҳнатга тўла барҳам берилди, деб ишонч ҳосил қилмагунча таркибида шундай пахта бўлган ҳар қандай маҳсулотни сотувдан чиқаради. Бироқ «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ахборот хизматидан маълум қилишларича, “Cotton Campaign” муросага бориб, ўзбек кластерлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотга нисбатан бойкот қилмасликка тайёр.
***
“HarperʼsBazaar”: рўйхатда биринчи
Американинг “Harperʼs Bazaar” журнали 2020 йилда албатта бориб кўриш керак бўлган 20 та энг яхши мамлакатлар рўйхатини нашр этди –унда Ўзбекистон биринчи ўринни эгаллайди.

«Сайёрамизда инсонларни ҳайратга соладиган фақат бир неча сунъий бинолар мавжуд, Эйфел минораси, Сидней опера театри ва эҳромлар шулар жумласидандир. Бу ёдгорликлар қаторига яна битта мўъжизани қўшиш вақти етди. Бу – Самарқанднинг марказий майдонида жойлашган мураккаб нақшлар билан ишланган ва ёрқин феруза ранг гумбазли учта бинодан иборат Регистондир», - дейилади мақолада.
Унда шунингдек, туризм соҳасида катта ўзгаришларга олиб келган ислоҳотлар ҳам қайд этилади.
«Янги инфратузилма шакллантирилди, бутик-меҳмонхоналар пайдо бўляпти, ресторанлар Марказий Осиё ошхонасини ёқтирадиган меҳмонларга хизмат кўрсатмоқда», - деб ёзади нашр. “Harperʼs Bazaar” журнали барчани Самарқанд, Бухоро, Хива ва Фарғона водийсига алоҳида урғу берган ҳолда, Ўзбекистонга ташриф буюришга чақиради. Журналда Топ-20 таликка кирадиган мамлакатлар келгуси ўн йиллик охирида «қайноқ» сайёҳлик марказлари бўлиши кераклиги қайд этилади. Иккинчи ўринда - Ботсвана, учинчи – Сидней (Австралия) турибди. Шунингдек, Хюстон ва Ню-Ёрк (АҚШ), Бразилия, Япония, Франция, Уругвай, Австрия ҳам рўйхатга киритилган.
***
«LʼOpinion» иқтисодиёт ривожини кузатди
Франциянинг етакчи нашрида журналист Клод ЛебланнингЎзбекистоннинг бугунги иқтисодий ривожига бағишланган мақоласи чоп этилди.

Унда муаллиф Ўзбекистондаги иқтисодий ўзгаришлар давлат ва жамиятни демократлаштириш жараёни билан параллель равишда ҳамда Марказий Осиё минтақасида қулай жойлашувни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилаётганини қайд этади. «LʼOpinion» газетаси журналисти Ўзбекистонда сўнгги 18 ойда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлайди.
Мева ва сабзавотларни экспорт қилиш монополиясининг бекор қилиниши 2020 йилдан бошлаб Францияга қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг қуруқ мевани экспорт қилишни ташкиллаштириш бўйича Ўзбекистоннинг «BMB Trade Group» ва Франциянинг «Advantage Central Asia» компаниялари ўртасида қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги келишув имзоланишига хизмат қилгани таъкидланади.
Жаҳон банки томонидан октябрь ойида чоп этилган «Doing Business 2020», ҳисоботида Ўзбекистон дунёдаги энг кўп ислоҳот ўтказаётган мамлакатлардан бири деб эътироф этилган. Мамлакат 190 та давлат орасидан 69-ўринни эгаллайди.
Дунёнинг қарийб 90 мамлакатлари учун визаларнинг бекор қилиниши айниқса, мамлакатнинг яқин қўшнилари билан сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни рағбатлантиришга ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Буюк ипак йўли даврида бўлганидек, яна бир карра фаровонлик йўлини босиб ўтиш мақсадида транспорт коммуникацияларни ривожлантиришни режалаштирмоқда. «Тошкентнинг мақсадларидан бири Трансафғонистон йўлагини ривожлантиришдир. Инфратузилмага инвестициялар киритилиши ва Афғонистон техник мутахассисларининг ўқитилиши буни яққол тасдиқлайди. Жанубий Осиё ва Европа ўртасида сотиладиган товарларнинг атиги 5 фоизи ушбу йўналишдан ўтадиган бўлса, бунинг иқтисодий фойдаси қанча бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг».
***
Туркманистонда туя сути кукуни ишлаб чиқарилади
Туркманистон давлат ахборот агентлиги. Туркманистоннинг Ахал вилоятида жойлашган ферма туя сути кунини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда, деб хабар қилади ферма эгаси Полат Канаев «Нейтрал Туркменистон» газетасига берган интервьюсида.
Фермерлар Туркманистон Фанлар академиясининг Технологиялар маркази лабораторияси ҳамда С. А. Ниязов номидаги Қишлоқ хўжалиги университетининг чорвачилик ва ветеринария илмий-ишлаб чиқариш маркази мутахассислари билан ҳамкорликда туя сутидан маҳсулот ишлаб чиқариш технологияси устида иш олиб бормоқда.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки ушбу лойиҳанинг ҳамкори бўлиб, банк қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда, жумладан туя сути бўйича стандартларни ишлаб чиқишда хусусий тадбиркорларга эксперт ёрдамини кўрсатади. Тез орада ферма туя сути кунини ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Бу маҳсулотга жаҳонда қизиқиш катта. Туркманистонда туялар йил бўйи яйловда боқилади, бу уларни қишда фермада боқишга қараганда, экологик жиҳатдан афзалдир. Ушбу фермада 300 бош туя боқилади.
***
Бизнинг «Жаҳон матбуоти саҳифаларида» номли янги рукнимизга оид таклиф ва фикр-мулоҳазаларингизни pochta@uza.uz манзилига юборишингизни сўраймиз.