Ақлли тиббиёт – барча учун
Тошкент вилояти Бўка туманида “Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш – давр талаби” мавзусида сайловолди тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Тошкент вилояти Бўка туманида “Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш – давр талаби” мавзусида сайловолди тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон “Адолат” cоциал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, депутатлар, тумандаги тиббиёт муассасалари ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Партия томонидан “Саломатлик йўлида бирлашайлик”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик”, “Соғлом оила – соғлом жамият – порлоқ келажак” каби лойиҳалар доирасида жойларда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасида никоҳларнинг олдини олиш, аҳоли, айниқса хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, жойлардаги тизимга оид мавжуд муаммоларни ҳал этишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор тадбирлар, аҳоли дуч келаётган тўсиқларни ўрганиш мақсадида ҳудудлар кесимида мунтазам равишда митинглар ва сайловчилар билан мулоқотлар уюштирилмоқда.

Бўка тумани марказий хиёбонида ўтказилган навбатдаги ана шундай тадбир ўзига хос митинг шаклида ташкил этилди. Тадбир аввалида майдонга йиғилган иштирокчилар учун кўргазмали қўл жанги намойиш этилиб, партия томонидан қизиқарли акциялар ташкил этилди.
Айниқса, санъаткорлар томонидан намойиш этилган партия ғоя ва мақсадларини аҳоли онгига сингдириш мақсадида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни турли ёт ғоялар, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатлардан асраш, ёшларда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш руҳидаги концерт дастури иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
Тадбирда партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсадлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Муҳокамалар давомида иштирокчилар томонидан дастурда соғлиқни сақлаш масалаларига янада кенгроқ жой ажратиш, бунда айниқса аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таклиф этилди.

Митингда “Ақлли тиббиёт – барча учун” шиорини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш ғояси илгари сурилди. Соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, пулли хизматлар чегарасини аниқ белгилаш, тиббиёт ходимлари ўртасида коррупцион ҳаракатларни батамом йўқотиш ташаббуси иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.