“А 376": 56 миллиард сўмлик кўприк қурилмоқда
Сирдарё вилоятининг Ховос шаҳарчаси яқинидаги А 376 “Қўқон – Жиззах” автомобиль йўлининг 214.3 километр қисмидаги (йўл ўтказгич) кўприкни қайта қуриш ишлари қизғин давом этмоқда.
“Фаровон йўл сервис” масъулияти чекланган жамияти директори Спитамен Жўрақулов раҳбарлигидаги меҳнат жамоаси юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда ушбу кўприкни бунёд этмоқда. Лойиҳа эгаси “Ўзйўллойиҳа Лойиҳа қидирув институти” давлат унитар корхонаси, бош пудратчи Тошкент кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси ҳисобланади.
Жорий йилнинг январь ойида бошланган қурилиш ишлари учун жами 56 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Ҳозирги кунда МЧЖ ихтиёридаги 12 та энг замонавий техникадан унумли фойдаланилмоқда. Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан жам бўлган қурувчилар шижоат ва матонат кўрсатиб меҳнат қилмоқда. Техника таъминоти бош механик Арсен Алиевнинг қатъий назоратида.

Ҳудуднинг ўзида сифатли бетон қоришмаси тайёрланади. Бетон узелининг бош оператори Зариф Шарофов бошчилигидаги ишчилар гуруҳи қоришманинг талаб даражада бўлишига алоҳида эътибор қаратмоқда.
– Йўл ўтказгичнинг узунлиги 200 метр бўлиб, эни 14 метрни ташкил этади, – дейди иш юритувчи И.Қобилов. – Аввалгисига қараганда энига яна бир метр қўшилгани сабаб автомашиналар ўтадиган асосий қисмнинг икки томонида пиёдалар учун ҳам йўлаклар барпо этилиб, ўтишларига қулай имконият яратилади.

Кўприк остига ўрнатиладиган асосий таянч устунлари 12 та бўлади. Кўприк устига ўрнатиладиган 18 метрли 154 та мустаҳкам бетон плиталар Тошкент шаҳридан, 396 та қозиқ сифатида қоқиладиган, арматурали каркас билан бетонлаб, қотириладиган махсус қувурлар Россия Федерациясидан келтирилади.
Кўприксоз қурувчилар ушбу кўприкни йил охирида фойдаланишга топширишни режалаштирган.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА