89 ёшли қирол шифохонага ётқизилди
Норвегия Қироли Харальд V икки ҳафта муддатга касаллик варақаси билан таътилга чиқарилди. 89 ёшли монарх қон ҳужайралари одатдагидан тезроқ емирилишига олиб келадиган гемолитик камқонликдан азият чекмоқда. Сўнгги ҳафталарда берилган кортизон танада суюқлик тўпланишига сабаб бўлгани учун шифохона амалиёти зарурати туғилган.
Қирол даволанаётган даврда унинг ўғли, валиаҳд шаҳзода Хокон давлат раҳбари вазифасини вақтинча бажаради. Бу ҳолат, яъни регентлик монарх вазифасини бажара олмаган пайт унинг ўрнида давлат ишини юритиш тартибидир. Харальд V 1991 йил 17 январдан бери Норвегия тахтида.
Қироллик оиласида охирги ойларда саломатлик билан боғлиқ бир нечта ҳолат кузатилди. Харальднинг синглиси – Малика Астрид май ойида юрак етишмовчилиги сабаб шифохонага тушган, Қиролича Соня ҳам шу ой юраги билан боғлиқ муаммо туфайли даволанган. Валиаҳд Малика Метте-Марит июнь ойида ўпка кўчириб ўтказиш амалиётини бошдан кечирган. Унга 2018 йил ўпка тўқимасида чандиқ пайдо бўлиб, нафас олишни қийинлаштирадиган камёб ўпка фибрози ташхиси қўйилган эди. Бемор июль ойи ўртасида шифохонадан чиққан, аммо тикланиш давомида олти ойгача расмий тадбирларда қатнашмайди.
Бош сулола яна бир можаро билан ҳам юзма-юз келган. Метте-Маритнинг ўғли Мариус Борг Хёйби июнь ойида зўрлаш ва бошқа жиноятларда айбланиб, тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Мусулмон Зиё, ЎзА