8 та саноат корхонасида 17 та чанг-газ тозалаш ускунаси тўлиқ модернизация қилинган
Мамлакатимизда экологияни муҳофаза қилиш, атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, экологик талабларга риоя этган корхоналарни давлат томонидан рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинади.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 мартдаги тегишли фармони билан атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи корхоналарда автоматик мониторинг станциялари, чанг-газ тозалаш ускуналари ва энергия самарадор технологияларни кенг жорий этиш белгиланган. 2025 йил 30 январдаги давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент фармони билан эса ушбу тоифага кирувчи корхоналарнинг экологик барқарорлигини таъминлаш учун экологик мониторинг тизимларини модернизация қилиш, тозалаш ускуналарини ўрнатиш ва яшил технологияларга ўтишда янги тартиб ўрнатилган.

Унга мувофиқ, биринчи босқичда агар атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи корхона фон мониторинг станцияларини ўрнатса, унга атроф табиий муҳит ифлосланлантирилгани ва чиқиндилар жойлаштирилгани учун компенсация тўловлари бўйича қарздорлик ҳисобдан чиқарилиши белгиланган. Бунда атроф-муҳитга етказилган зарар учун республика бюджетига йўналтирилган компенсация тўловларининг 50 фоизгача бўлган қисми 2 йил мобайнида қайтарилади.
Иккинчи босқичда мониторинг станциялари ўрнатган корхона кейинги йил давомида чанг-газ ва маҳаллий сув тозалаш ускуналарини ўрнатса, унга компенсация тўловларининг 70 фоизгача қисми 2 йил давомида қайтарилиши белгиланган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган I ва II тоифаларга мансуб хўжалик юритувчи субъектлар вакиллари билан учрашувда саноат корхоналарининг экологик масъулиятини ошириш, чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш, “яшил” иқтисодиёт тамойилларини татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда таъкидландики, жорий биринчи чоракда мазкур тоифадаги 8 та саноат корхонасида 17 та чанг-газ тозалаш ускуналари тўлиқ модернизация қилинган. 2 минг 444 та фильтрлар алмаштирилган. 13 та корхонада эса ифлослантирувчи манбалардан автоматик намуналар олиш тизими ўрнатилиб, улар eco-nazorat.uz ягона геоахборот платформасига интеграция қилинган.

I ва II тоифадаги корхоналар томонидан ўз ҳудудлари ва туташ майдонларда 3,1 миллион туп дарахт, бута кўчатлари экилиб, “яшил белбоғ”лар барпо этилмоқда. Депутатлар ушбу чоралар саноат ҳудудларида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Учрашувда халқ вакиллари бугун экологик муаммолар хавфини камайтиришда саноат корхоналарида экологик талабларга риоя қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш, чиқиндиларни камайтириш, фильтр ва тозалаш ускуналарининг самарадорлигини ошириш, корхоналарнинг экологик масъулиятини ошириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берди.
М.Комилова, ЎзА