77 та чиқинди полигонида саралаш хизмати йўлга қўйилади
Мамлакатимизда чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, уларни қайта ишлашга йўналтириш ва иккиламчи хомашёдан самарали фойдаланиш борасида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси томонидан 77 та қаттиқ маиший чиқинди полигонида чиқиндиларни саралаш хизматини ташкил этиш бўйича танловлар давлат харидларининг электрон платформасига жойлаштирилди.
Танловлар ҳудудлар кесимида қуйидагича тақсимланган:
Бухоро вилояти – 8 та;
Жиззах вилояти – 11 та;
Қашқадарё вилояти – 4 та;
Қорақалпоғистон Республикаси – 2 та;
Навоий вилояти – 7 та;
Наманган вилояти – 6 та;
Самарқанд вилояти – 2 та;
Сурхондарё вилояти – 6 та;
Сирдарё вилояти – 2 та;
Фарғона вилояти – 6 та;
Хоразм вилояти – 9 та;
Андижон вилояти – 8 та;
Тошкент вилояти – 6 та.
Танловларнинг асосий мақсади — полигонларда чиқиндиларни саралаш тизимини йўлга қўйиш, қайта ишлаш мумкин бўлган чиқиндиларни алоҳида ажратиб олиш ва иккиламчи хомашёдан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат. Айниқса, чиқиндиларни саралаш тизимининг полигонларнинг ўзида ташкил этилиши қайта ишлашга йўналтириладиган чиқиндилар ҳажмини ошириш билан бирга, кўмилма чиқиндилар миқдорини камайтиришга ҳам хизмат қилади. Бу эса полигонларга тушадиган экологик босимни пасайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур йўналишда давлат-хусусий шериклик ва инвестиция механизмларидан фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эътиборлиси, 77 та полигонда саралаш хизматини йўлга қўйиш нафақат тадбиркорлар учун янги хизмат йўналиши ва инвестиция имкониятини яратади, балки чиқиндиларни қайта ишлаш занжирини кенгайтириш учун ҳам замин бўлади. Натижада полигонга келиб тушаётган чиқиндилар таркибидаги қайта ишлашга яроқли материалларни қайта иқтисодий айланмага киритиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш имкониятлари кенгаяди.
Мавжуд қонунчиликда чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш жараёнларига хорижий ҳамда маҳаллий инвесторларни жалб этиш, шунингдек, ушбу фаолият билан шуғулланувчи инвесторларни белгиланган тартибда танлаб олиш вазифалари белгиланган. Бундан ташқари келгусида мавжуд қаттиқ маиший чиқинди полигонларини 2030 йилгача 50 фоизга қисқартириш, янгидан ҳосил бўлаётган чиқиндиларни полигонларга йўналтирмасдан, максимал даражада қайта ишлаш ёки куйдириш, соҳага циркуляр иқтисодиёт амалиётини жорий қилиш ҳам режалаштирилган.

Шунга мувофиқ, Чиқиндиларни бошқариш агентлиги ҳузуридаги Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси томонидан ҳудудларда чиқинди полигонларида саралаш ишларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланган ва уларни амалга ошириш ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА