7 та миллий дастурнинг иқтисодий жиҳатлари кўриб чиқилди
Давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида келгуси ўн йилликни миллий юксалиш даврига айлантиришга қаратилган 7 та миллий дастурни илгари сурди. Ушбу дастурлар билим ва малака, аҳоли саломатлиги, юқори технология ва меҳнат унумдорлиги, сув ва экология, қонун устуворлиги, маҳалланинг жамият тараққиётидаги ўрни, шунингдек, ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия каби стратегик йўналишларни қамраб олади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган тадбирда 7 та миллий дастурнинг иқтисодий ва молиявий жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, янги босқичдаги макроиқтисодий вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан келгуси ўн йилда иқтисодиётга 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш ҳамда келгуси ўн йилда аҳоли жон бошига ЯИМни 10 минг доллардан ошириш вазифалари белгиланган. Бу мақсадларга эришишда иқтисодиётни юқори технология ва меҳнат унумдорлигига асосланган моделга ўтказиш, стартаплар, венчур молиялаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Муҳокамаларда ҳар бир устувор йўналишдаги мақсад-вазифалар, кўзланган марралар батафсил муҳокама қилинди. Белгиланган вазифаларни амалга оширишда Давлат бюджети маблағлари самарадорлигига эришиш, бунда парламент назоратини амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Бу борада қўмита олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова, ЎзА