61 та мурожаатдан 27 таси жойида ечим топди
Муаммони эшитиш — ишнинг бир қисми. Унинг ечимини жойида топиш эса одамлар учун энг муҳими. Сайхунобод туманида O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилган сайёр қабулда ҳам фуқароларни қийнаётган масалалар очиқ муҳокама қилиниб, уларнинг бир қисми шу ернинг ўзида ҳал этилди.
Сайёр қабулда партия Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева, вилоят Фермерлар Кенгаши раиси Рўзиқул Примқулов, туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи Ғайрат Холиқбердиев, партиянинг Сайхунобод туман Кенгаши раиси Ойбек Ниёзов, туман Кенгаши депутатлари, партия ва маҳаллий ҳокимлик масъуллари иштирок этишди.

Қабул давомида 61 та мурожаат қабул қилинди. Фуқаролар асосан тиббий хизмат сифати, таълим, электр энергияси, ичимлик суви, газ таъминоти, чиқиндиларни олиб чиқиш ва ижтимоий ёрдам масалалари бўйича мурожаат қилишди.

Эътиборлиси, мурожаатларнинг 27 таси жойида ижобий ҳал этилди. Қолган масалалар ҳам эътибордан четда қолмади. Уларни ҳал этиш учун мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилиб, ижросини таъминлаш бўйича масъуллар белгиланди.

Мулоқот жараёнида аҳолини ўйлантираётган бошқа муҳим масалалар ҳам кўтарилди. Жумладан, янги иш ўринлари яратиш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга йўналтириш, ёш мутахассисларни ҳудудга жалб қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири