5,3 миллион дона кўчат экилади
Сирдарёда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилнинг баҳор мавсумида 9,7 миллион дона манзарали ва мевали дарахт кўчатлар экилган бўлса, кузги мавсумда 5,3 миллион дона кўчат экилади.
–Бунинг учун махсус дастур ишлаб чиқилиб, у асосида ишлар бошлаб юборилган, –дейди Сирдарё вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Икромжон Тоғаев. —Бунда бор эътиборни Сирдарё вилоятининг иқлим шароитига мос, шўрланишга чидамли кўчат навларига қаратганмиз.

Энг асосийси, Сирдарёда "Яшил макон" умуммиллий ҳаракати доирасида шаҳар ва туман ҳудудларидан ўтувчи автомобиль йўллари бўйи, қишлоқ хўжалиги ер майдонлари, ижтимоий соҳа объектлари, ташкилот ва маҳалла ҳудудлари, ариқ ва канал ёқаларига экилиши кузда тутилган 5,3 миллион дона кўчатнинг 1,5 миллион донаси вилоят ўрмон хўжалигидан, 1,2 миллион донаси кўчатчилик соҳасига ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликларидан, 3,1 миллион донаси эса аҳоли томорқаларидан келтирилади.

Бундан ташқари, туман ва шаҳарларда 21,5 гектар майдонда “Яшил боғ”лар, 15,2 гектар майдонда “Яшил жамоат парклари”, 11 та ҳудудда “Ҳокимлик боғ”лари, 11,6 гектар майдонда “Яшил белбоғ”, 10,4 гектар майдонда эса жамоатчиликнинг фикрига асосан “Яшил боғ” ҳамда “Яшил жамоат парклари” ташкил этилади.

Вилоятдаги мавжуд дарахтлар, уларни зараркунанда ҳашаротлар ҳамда касалликлардан ҳимоя қилиш тадбирларига жами 1 млрд сўм маблағ йўналтирилади.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири