52 нафар отинойга ташаккурнома берилди
Жиззах вилоятидаги шаҳар ва туманлар бош имом-хатибларининг аёллар масалалари бўйича ёрдамчилари, шаҳарча, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари учун ўқув-семинар ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб вилоят ҳокимлигининг янгидан барпо этилган “Қабуллар саройи”, Жиззах шаҳрида фаолият олиб бораётган “IT-Park” ўқув-маркази билан яқиндан таништирилди.
Сўнгра, ўқув-семинар иштирокчилари – мустақиллигимизнинг ўтган 30 йили давомида диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ва Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсидан келиб чиқадиган вазифалар, хотин-қизлар орасида индивудуал психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизлар билан ишлаш йўналишлари ва усуллари ҳамда “Виждон эркинлиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонун ва ёш қизларни эрта турмушга бериш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишда қишлоқ ва маҳалларда ота-оналарнинг масъулиятини оширишда отинойиларнинг ўрни ва вазифалари мавзусидаги Жиззах давлат педагогика институти, вилоят ОИТС маркази ҳамда вилоят адлия бошқармаси етук мутахассисларининг маърузаларини катта қизиқиш билан тингладилар.
Ўқув-семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб олди.
Тадбир якунида 52 нафар энг фаол отинойиларга вилоят ҳокимининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА