500 минг сўмдан моддий ёрдам пули тарқатилмоқда
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 30 июль куни “Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб–қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Унга кўра, шу кунларда аҳолининг моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларини кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш харажатларни бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаш мақсадида “Темир дафтар”га киритилган олаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун, шунингдек, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси олувчи оилаларнинг 18 ёшга тўлмаган фарзандларига, ногиронлиги бўлган 18 ёшга тўлмаган болаларга 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули берилмоқда.
Бу жараён Самарқанд вилоятида ҳам давом этмоқда. Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда 18 ёшга тўлмаган болалари бўлган 10756 оила “Темир дафтар”да рўйхатда турибди. Бу оилалардаги бир марталик, яъни 500 минг сўмдан пул олиши керак бўлган болалар 21 минг 348 нафарни ташкил этади. Ҳар бир сектор кесимида ушбу оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларга республика бюджетидан пул ажратилган ҳолда моддий ёрдам пуллари етказилмоқда.
Бундан ташқари вилоятда пенсия жамғармаси ҳисобида турган оилалар ва ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бўлган болалар ҳам белгиланган тартибда моддий ёрдам пулларини олмоқда.
– Вилоятимизда пенсия жамғармаси ҳисобида турган боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган жами 32725 нафар вояга етмаган болаларга 22 миллиард 119 миллион сўм моддий ёрдам маблағлари ажратилган, – дейди бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти бошқармаси сектор мудири Абдурашид Раҳимов. – Ушбу болаларга моддий ёрдам пулларини тўлаб бериш учун август ойининг дастлабки кунлариданоқ тўлов қайдномалари расмийлаштирилиб, “Халқ банки” ва тижорат банкларга юборилди. Улар томонидан маблағлар ўз эгаларига тарқатилмоқда.
Моддий ёрдам пул маблағларининг тарқатилиши вилоят иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси ҳамда пенсия жамғармаси ҳудудий идоралари ходимлари томонидан кунлик мониторинг қилиб борилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА