5 нафар сирдарёлик момо 90 йилдан кейин туғилганлик гувоҳномасини олди, энди паспорт олса, балки пенсия ҳам чиқиб қолар...
Рабза она катта оиланинг пиру бадавлат бекаси, икки ўғил, олти қизни уйли-жойли қилди, қўлидан келгунча ўқитди, касб-ҳунар ўргатди.
Бир умр ҳеч қанақа шахсий ҳужжатларсиз яшаб келаётган инсонлар орамизда борлигига ишонасизми?
Сирдарё тумани «Тараққиёт» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 97 ёшли Рабза момо Шодиёровани қишлоқдошлари меҳр билан Чевар момо деб чақиришади. Тўғрида, шундай табаррук ёшда миллий меросимиз намунаси бўлган қуроқ кўрпа-кўрпача, ёстиғу дастурхон, чапону жойнамозларни кўзни қувнатиб тикиб, қавиб келган, мана бугун ана шу касбини қизу набираларига эринмай ўргатаётган момони чевар момо демай бўладими?
Рабза она катта оиланинг пиру бадавлат бекаси, икки ўғил, олти қизни уйли-жойли қилди, қўлидан келгунча ўқитди, касб-ҳунар ўргатди. Буни қарангки, шундай мўътабар инсоннинг шахсини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжати йўқлигини, бугун орадан 97 йил ўтиб билиб турибмиз...
- Бугун 97 йил деганда менга туғилганлигим тўғрисидаги гувоҳнома олиб келиб беришди, - дейди Рабза момо Шодиёрова, кўзларидан келган қувонч ёшларини артиб. - Тўғриси, бир умр ҳужжатим йўқлиги учун армон билан яшадим. Унга борсам ”У” деди, бунисига борсам, «БУ» деди, хуллас бўлмади. Бор аламимни ишдан олдим, умрим меҳнат билан ўтди. Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортида меҳнат қилдим, колхозда кетмон чопдим, ўроқ билан буғдой ўрдим, ғўзага сув тарадим, пахта тердим, кечалари билан тикиш тикдим. Ўғил-қизларимни ўқитдим, олий маълумотли қилдим, қўлимдан келганча касб-ҳунар ўргатдим.
Ўлмаган қул етади, деб доно халқимиз бежизга айтмаган экан. Мана, туғилганлик гувоҳномасини олдим, ҳадемай бошпурт (паспорт) ҳам беришаркан. Ҳукумат тепасига 100 йил деганда биз «ҳужжатсиз қариялар» ҳақида қайғураётган халқсевар инсон юборгани учун Аллоҳга минг шукурлар бўлсин.

Рабза момо каби бугун кўнглининг тубидаги ўкинчларини ортда қолдираётган онахонлар Сирдарё туманида беш нафарни ташкил этар экан.
-Шахсини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаган бу ватандошларимиз қарилик пенсияси ва ҳатто кўп йиллик меҳнатлари натижасида орттирган ногиронликлари учун нафақаларини ҳам ололмай келган, - дейди Давлат хизматлари агентлигининг вилоят бошқармаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар шўбаси раҳбари Дилфуза Жарбекова.
Туманнинг «Заршунос» маҳалласида яшовчи 90 ёшли Мапрат момо Турсунованинг умри ҳам ҳалол меҳнат билан ўтди. Колхозда ер чопди, буғдой ўрди, пахта терди, ҳалол пешона тери билан фарзандларини оёққа қўйди. Тўққиз нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган онахоннинг бугун қувончи чексиз. Туғилганлик гувоҳномасини биринчи марта қўлига оларкан, ҳукуматимизга, хонадонига ташриф буюрган Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси ва туман бўлими масъул ходимларига миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, «Оқ йўл» маҳалласида яшовчи 90 ёшли Таши момо Болиева, «Деҳқонобод» маҳалласида яшовчи 89 ёшли Тожихон момо Муротова, «Заршунос» маҳалласида яшовчи 90 ёшли Зилайха момо Муродоваларга ҳам туғилганлик гувоҳномалари туман ФҲДЁ органлари ходимлари томонидан сайёр тартибда топширилди. Нурли сиймоларнинг қувончли кунида гувоҳномалар, шубҳасиз, бир даста гул ва эсдалик совғалари билан биргаликда топширилди.
Халқимизнинг, ҳечдан кўра кеч яхши, деган доно мақоли бор. Мана моможонлар салкам 100 йилдан кейин бўлсада, туғилганлик гувоҳномалари бугун қўлларига тегди. Худо хоҳласа, эрта-индин паспорт ҳам, аллақачонлардан буён олишлари керак бўлган пенсиялар ҳам тегишли идоралар ходимлари томонидан беришларига энди асло шубҳа қилманг.