5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни
Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни — ушбу халқаро экологик сана инсонларни табиат муҳофазаси билан боғлиқ фаолиятга жалб этиш, кенг жамоатчилик онгида табиий ресурсларни асраш, улардан оқилона фойдаланиш орқали табиий бойликларни келгуси авлодларга етказиш масъулиятини англатишга қаратилган. Шу билан бирга, халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда глобал экологик муаммоларнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбир кўришга ундайди.
Ушбу экологик сананинг мазмуни ва аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экологик партия фракция аъзоси Гулчеҳра Тожибоева ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— 5 июнь — инсониятни экологик муаммоларга бефарқ бўлмасликка чорлайдиган энг муҳим халқаро саналардан бири ҳисобланади. Мазкур сана 1972 йилда Швециянинг Стокгольм шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Атроф-муҳит бўйича конференцияси қарори асосида таъсис этилган бўлиб, айнан шу конференция доирасида БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури — ЮНЕП ташкил этилган.

Шундан буён ҳар йили 5 июнь дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида экологик акциялар, форумлар, дарахт экиш тадбирлари ва турли маърифий лойиҳалар билан кенг нишонланиб келинмоқда. Бу куннинг асосий мақсади — жамоатчилик эътиборини табиатни асраш, экологик муаммоларнинг олдини олиш ва барқарор ривожланиш масалаларига қаратишдан иборат.
Бугунги кунда иқлим ўзгариши, ҳаво ва сув ифлосланиши, чўлланиш, чиқиндилар муаммоси ҳамда биологик хилма-хилликнинг қисқариши бутун инсоният олдидаги энг жиддий глобал чақириқлардан бирига айланмоқда.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, атроф-муҳитнинг ифлосланиши билан боғлиқ касалликлар туфайли ҳар йили миллионлаб инсонлар ҳаёти хавф остида қолмоқда. Айниқса, атмосферага зарарли газлар чиқарилиши, ўрмонларнинг қисқариши, сув ресурсларининг камайиши ва табиий бойликлардан нооқилона фойдаланиш экологик мувозанатга жиддий таъсир кўрсатмоқда.
ЮНЕП маълумотларига кўра, инсоният бугун бир вақтнинг ўзида учта йирик экологик инқироз — иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва ифлосланиш муаммосига дуч келмоқда. Ер ресурсларининг деградацияга учраши, қурғоқчилик, сув танқислиги ва чўлланиш жараёнлари нафақат табиатга, балки инсон саломатлиги, иқтисодиёт ва озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу маънода атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи фақат давлат ёки экологлар вазифаси эмас, балки ҳар бир инсоннинг фуқаролик масъулиятига айланиши лозим.
Сув ва электр энергиясини тежаш, дарахт экиш, чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш маданиятини шакллантириш, пластик маҳсулотлардан камроқ фойдаланиш, табиатга эҳтиёткор муносабатда бўлиш каби оддий қадамлар ҳам экологик барқарорликка муносиб ҳисса қўша олади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддаси 4-қисмида “Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади” деб белгиланган. Шунингдек, Конституциянинг 62-моддасига мувофиқ, “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”.
Мамлакатимизда ҳам кейинги йилларда экологик барқарорликни таъминлаш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимиз бўйлаб миллионлаб дарахт ва кўчатлар экилиб, шаҳар ва қишлоқларда “яшил белбоғ”лар ташкил этилмоқда. Оролбўйи ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш, чўлланишнинг олдини олиш ва аҳоли учун муносиб экологик муҳит яратиш бўйича амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Табиат — инсон ҳаёти, саломатлиги ва келажагининг асоси. Инсон табиатдан қанчалик узоқлашса, экологик муаммолар шунчалик кучаяди. Шу боис, бугун ҳар биримиз экологик маданиятни ҳаёт тарзига айлантиришимиз зарур. Табиат бизга Яратган томонидан келажак авлодларга етказиш учун омонат қилиб берилган. Омонатга эса хиёнат қилиб бўлмайди!
Атроф-муҳитни асраш — бу нафақат фуқаролик бурчи, балки келажак авлод олдидаги юксак масъулият. Зеро, табиатни асраш фақат бугунги кун эмас, балки эртанги кун тақдири ҳақида қайғуриш демакдир.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА