40 нафар болажонларнинг суннат тўйи
Қурбон ҳайити байрамининг эзгулик, меҳр-оқибат ва саховатга йўғрилган шукуҳи юртимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланмоқда. Айниқса, эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш, инсон қадрини улуғлаш ва болажонлар қалбига қувонч улашишга қаратилган хайрли тадбирлар байрамнинг маънавий мазмунини янада бойитмоқда.
Ана шундай савобли ишлардан бири Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ташкил этилди.
Туманда 40 нафар эҳтиёжманд оилалар фарзанди учун миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизга хос тарзда хайрия суннат тўйлари ўтказиб берилди. Карнай-сурнай садолари остида тўй болалар ва уларнинг яқинлари катта ҳурмат ва эътибор билан кутиб олинди. Байрамона безатилган дастурхонлар атрофида йиғилганлар дилдан суҳбат қуриб, эзгу тилаклар билдирди.

Зарбоф тўн кийган, бошига салла ўраган болажонлар кечанинг ҳақиқий шаҳзодаларига айланди. Уларнинг юзидаги қувонч ва беғубор табассум тадбирга ўзгача файз бағишлади. Энг муҳими, фарзандлари учун шундай эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилганидан ота-оналарнинг миннатдорчилиги ва қувончи чексиз бўлди.

Дарҳақиқат, ҳар бир ота-она фарзандининг яхши кунларини кўришни, унинг эл-юрт корига ярайдиган, бахтли ва камол топган инсон бўлиб улғайишини орзу қилади. Ана шу эзгу ниятлар мужассам бўлган мазкур хайрия тадбири юртда инсон қадрини улуғлашга қаратилган ишлар изчил давом этаётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Тадбирда иштирок этган туман ҳокими Фарҳод Умаров барчани Қурбон ҳайити ва тўй-тантаналар билан самимий муборакбод этди. У ўз сўзида ёш авлоднинг соғлом, билимли, юртга садоқатли ва халқ хизматига тайёр инсонлар бўлиб вояга етишини тилади.

Маросим давомида нуронийлар дуога қўл очиб, мамлакатимиздаги тинчлик ва фаровонлик учун шукроналар айтди. Шунингдек, тўй болаларнинг камолини, бахту саодатини кўриб юриш барчага насиб этишини тилак қилди.
Бундай хайрия тадбирлари жамиятда меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилиб, инсонпарварлик тамойилларининг ҳаётимизда тобора мустаҳкам қарор топаётганини яна бир бор намоён этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири