4 нафар ўқувчи сабоқ олаётган мактаб
Сарлавҳани ўқиб ажабланманг. Навоий вилояти марказидан салкам 300 километр олисда жойлашган Конимех туманининг “Ўринбой” (маҳаллий аҳоли тилида “Отқудуқ” ҳам дейилади) овулида шундай мактаб бор. Мактаб 37-мактабнинг филиали саналади. Бу ерда 4 нафар ўқувчига 5 нафар ўқитувчи сабоқ беради.
Овулда 12 та хонадон бўлиб, 51 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳозирги кунда юртимизда халқни эзгу амаллар билан рози қилиш, аҳоли муаммоларни жойига бориб ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугун халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилмоқда. Буни раҳбарларнинг аҳоли пунктларига бориб ўтказаётган учрашувларида ҳам кўрса бўлади.
Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев, вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари Файзулла Қувондиқов ҳамда туман Халқ қабулхонаси раҳбари Нурлан Каримовлар “Ўринбой” овулида бўлиб, аҳолига яратилаётган шароитлар, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганди.

Учрашувда соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таъминоти масалаларидаги мурожаатларни ўз вақтида ижобий ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Учрашув сўнгида туман ҳокими мактаб жамоасига замонавий компьютер жамланмасини совға қилди.
Абдували Бўриев, ЎзА.