4 май – Халқаро ўт ўчирувчилар куни
Кутилмаганда содир бўладиган турли офату талафотлар инсон ҳаёти ва саломатлиги, қолаверса, мол-мулк, ижтимоий объектлар ва инфратузилма ҳолатига жиддий зиён етказиши мумкин. Айниқса, тилсиз ёв дея таърифланадиган ёнғинлар бир зумда аланга олиб, кўлами кенгайиб кетиши, инсонлар ва уларнинг мол-мулкларига катта зарар келтириши мумкин.
Қандайдир эҳтиётсизлик ёки бошқа сабаблар билан юзага келадиган ёнғинларни тезкорлик билан бартараф этишда ўт ўчирувчиларнинг ўрни долзарб аҳамиятга эга. Ёнғинлар вақтида бу касб эгаларидан катта фидойилик, жасурлик, қўрқмас ва кучли ирода талаб этилади. Баъзан ёнғинни бартараф этиш, инсонлар ҳаётини сақлашга бел боғлаган бу касб эгалари ўзларини ҳам аямасдан ҳаракат қилишларига тўғри келади. Бундай офатлар, афсуски, ўт ўчирувчиларнинг ўзларига, жонларига ҳам зиён бўлиши мумкин. Шу маънода уларни ҳақиқий фидойи ва жасур касб эгалари дейиш мумкин.
Ҳар йили 4 майда дунёда ўт ўчирувчиларнинг касб байрамлари нишонланади. Маълумотларга кўра, Халқаро ўт ўчирувчилар куни 1998 йилда Австралиядаги ёнғинларни ўчиришда ҳалок бўлган ҳамда бошқа юртларда ўз бурчини адо этаётиб ҳаётдан кўз юмган ўт ўчирувчилар хотирасига ҳурмат сифатида нишонлана бошлаган.

Дарҳақиқат, бу соҳа вакилларининг фидойилиги ва инсон ҳаётини сақлаб қолишдаги хизматларини қадрлаш ҳар доим муҳим. Шу боис мазкур санада дунё бўйича ҳалок бўлган ўт ўчирувчилар хотирасига ҳурмат кўрсатилади. Фаолият олиб бораётган ўт ўчирувчиларга миннатдорчилик билдирилиб, турли тадбирлар, намойишлар ўтказилади.
Жумладан, Ўзбекистонда ҳам Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар иштирокида байрам тадбирлари ўтказилиб, энг яхши ходимлар тақдирланади. Хизмат пайтида ҳалок бўлган ўт ўчирувчилар хотираси ёдга олинади. Шунингдек, ёшлар учун ўт ўчирув қисмларига экскурсиялар ташкил қилиниб, техника ва жиҳозлар намойиш қилинади. Мактаблар ва ташкилотларда ёнғин хавфсизлиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади, аҳолига фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилиш кераклиги ўргатилади.
Бундай тадбирлар фидойи касб эгаларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, қолаверса, аҳолининг эҳтиёткорлигини ошириш, ёнғин хавфсизлигини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА