Иш билан таъминлаш – долзарб масала
Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, жамиятдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, жамиятдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Бу борадаги чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, Давлат дастурлари ижросини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки ҳам муҳим аҳамият касб этаётир. Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Тўрақўрғон умидли келажак” аёллар ва ёшлар ўқув ишлаб чиқариш маркази хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз оналар, кам таъминланган оилалардаги ёшларни иш билан таъминлаш, уларга касб-ҳунар ўргатиш, қишлоқ жойларда замонавий маиший хизмат кўрсатишни ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида самарали фаолият юритмоқда.
Тадбиркор Мавлуда Сиддиқова раҳбарлигида марказ Ўзбекистон ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг “Фермер ва тадбиркор аёлларнинг иш фаолиятини ривожлантириш” лойиҳасида иштирок этиб, 60 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишга муваффақ бўлди. Ушбу маблағ ёрдамида марказ қошида маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчаларини ўз ичига олган мажмуа барпо этилиб, 110 янги иш ўрни яратилди. 35 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди.
– Қишлоқ хотин-қизларини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг энг самарали воситаси – бу уларга касб-ҳунар ўргатиш, иш билан таъминлаш ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришдир, – дейди тумандаги “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нурмуҳаммад Турсунов. – Мазкур ўқув-ишлаб чиқариш корхонасида ўнлаб аёллар иш билан таъминлангани улар турмушининг фаровонлиги, оиласининг мустаҳкамлигига хизмат қилмоқда.
– Ушбу марказда тикувчилик сирларини ўрганиб, шу ернинг ўзида иш бошладим, – дейди Раҳбархон Раззоқова. – Бу ерда ўзлаштирган билим ва кўникмаларим оилада, фарзандларим тарбиясида, тадбиркорлик фаолиятида жуда қўл келмоқда.
Марказнинг БМТнинг “Фарғона водийсида аҳоли турмуш даражасини ошириш” дастурига тақдим этилган қуроқ усулида маҳсулот ишлаб чиқариш, ёстиқ жилди, чойшаб, уй ва ошхона анжомлари тайёрлаш бўйича бизнес лойиҳасига грант маблағи ажратилди. Бу яна йигирма икки нафар аёлни иш билан таъминлаш имконини берди.
Жорий йилда марказ қишлоқ жойларда маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш лойиҳаси асосида мавжуд шохобчалар ишини такомиллаштириш учун 40 миллион сўмлик банк кредитини расмийлаштирди. Шунингдек, йилига 800 миллион сўмлик асфальт-бетон ва инерт материаллар ишлаб чиқариш қувватига эга завод қурилиши ишларини ҳам бошлаб юборган. Бу яна ўттиздан зиёд янги иш ўрни яратиш имконини беради.