28 йиллик сафар: дунёнинг ярми пиёда босиб ўтилди
Британиялик сайёҳ Карл Бушби 28 йил транспорт воситасидан фойдаланмай 50 000 километр масофа босиб ўтилган сафарини якунлаб, ватанига қайтди. Собиқ парашютчи Чилидан йўлга чиқиб, тўрт қитъани пиёда кезди. Уни Англиянинг Халл шаҳрида қарийб 1000 киши тантанали кутиб олди.
Бушби саёҳатини 500 доллар билан бошлаган. Йўлда у ўрмон, чўл ва музликлардан ўтди, чегара муаммоси, виза чеклови, қамоқ машаққати ва об-ҳаво тўсиғига дуч келди. Ҳатто Каспий денгизидан 31 кун сузиб ўтишига тўғри келди. Дастлаб 12 йилга мўлжалланган экспедиция турли қийинчилик сабаб қарийб уч ўн йилга чўзилди.
Сайёҳ эътироф этишича, турли мамлакатлардаги оддий инсонларнинг ёрдами унга қўшимча куч бағишлаган. Олмон режиссёри Вернер Херцог мазкур ғайри оддий саргузашт асосида ҳужжатли фильм тайёрлаяпти. Бушби эса кўп йилдан кейин онаси, ўғли ва илк бор кўрадиган 12 ёшли набираси билан учрашиш арафасида.
Мусулмон Зиё, ЎзА