26 нафар хотин-қиз ишли бўлди
Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида «Шуманай Шаменой» масъулияти чекланган жамиятининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида «Шуманай Шаменой» масъулияти чекланган жамиятининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Ёш тадбиркор Шаҳрибону Юсупбоева касб-ҳунар коллежида ўқиб юрган кезларида тикувчилик ва сартарошликка қизиқди. Олий таълим муассасасига киришда омади чопмагач, тумандаги тикувчилик цехи ва гўзаллик салонида меҳнат қилди. Мамлакатимизда ёш тадбиркорларга берилаётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда мустақил тадбиркорлик билан шуғулланишга аҳд қилди. Аммо, фаолиятини бошлаш учун бошланғич сармоя тополмай анча қийналди.
Ушбу масала юзасидан туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларга мурожаат этди. «Излаган имкон топади» деганидек, ёш тадбиркорнинг орзуси ушалди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан уч йил муддатга фоизсиз 200 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди ва «Шуманай Шаменой» масъулияти чекланган жамиятига асос солинди.
Бу ерда асосан тўй либослари дўкони, гўзаллик салони, тикувчилик ва қандолат маҳсулотлари цехи фаолият олиб боради. Натижада ҳозирги карантин пайтида уйда ишсиз қолган 26 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди.
Корхонанинг очилиш маросимида таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш, тадбиркорлик йўлини танлаган хотин-қизларга ҳар томонлама ёрдам бериш, уйда ишсиз ўтирган опа-сингилларнинг бандлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Айниқса, пандемия даврида тадбиркорларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган қарор ва фармонлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Бугунги кунда тадбиркорлик билан шуғулланаман деган кишига юртимизда барча имконият мавжуд, – дейди ёш тадбиркор Шаҳрибону Юсупбоева. – Мақсадим, туманимиздаги ишсиз ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишдир.
Таъкидлаш жоизки, Шаҳрибону фақатгина тадбиркорлик билан шуғулланиб қолмай, жамоатчилик ишларида ҳам фаол. Ўтган йиллар давомида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг «Аёллар қаноти» томонидан ўтказилаётган «Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага» лойиҳасида, «Ишбилармон аёл» кўрик-танловининг туман ва Қорақалпоғистон Республикаси босқичларида муносиб иштирок этиб келмоқда.