26 километрлик узум ишкомлари
Андижон вилоятининг Асака, Булоқбоши ва Жалақудуқ туманларида 9 минг гектар, хусусан, 2,4 минг гектар аҳоли хонадонларида узум етиштириш бўйича “маҳаллабай” тизими асосида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу йўналишда, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги “Узумчиликни ривожлантириш кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Булоқбоши туманида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
Туманда “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида ҳар бир маҳалланинг ўсиш нуқталари, яъни драйвер йўналиши белгилаб олинди. Хусусан, туманнинг ўзига хос иқлими, аҳолининг узумчилик соҳасидаги тажрибасидан келиб чиқиб, 11 та – Тошкечик, Учкўча, Буюк турон, Қумгузар, Фаровон, Хонтепа, Гулистон, Боймаҳалла, Юксалиш, Шоҳгузар ва Дўлана маҳаллалари узум етиштиришга ихтисослаштирилмоқда.
Аҳоли хонадонларининг ҳар бирида йилига 2 тоннадан 10 тоннагача ҳосил етиштирилади. Бу билан аҳоли узум етиштиришдан йилига ўртача 20-25 миллион сўм даромад олади. Умуман, юқорида қайд этилган маҳаллалар аҳоли хонадонларидаги мавжуд 323 гектар томорқа майдонидан жорий йилда 7 минг тоннага яқин узум етиштирилиши кўзда кутилмоқда.
Мазкур маҳаллаларда узумчиликни ривожлантириш, соҳага илм-фан ютуқларини татбиқ этиш, илғор иш тажрибаларини оммалаштиришга қаратилган ишлар кўлами тобора ортиб бормоқда. Айниқса, “Андижон тажрибаси” сифатида кўчаларга сури токлар қурилаётганлиги юқори самара бермоқда.
2021-2022 йил давомида тумандаги 21 та маҳалланинг 40 та кўчасида 982 та хонадонга 6,8 миллиард сўм кредит эвазига 26 километр узунликдаги узум ишкомлари барпо этилди. Қурилган сури токларнинг маълум қисмига янги кўчатлар ўтказилди. Ана шу кўчатлар ҳосилга киргач, яна 2 минг тонна қўшимча ҳосил олиш имконини беради.
Ушбу тажрибани 2023-2025 йилларда давом эттириб, яна 20 километр ички йўлларга ишкомлар қуриш орқали 300 гектар янги токзорлар яратилиши кўзда тутилган. Ҳозирда тумандаги 3 та фермер хўжалиги томонидан 200 минг тупдан зиёд, аҳоли хонадонларида эса 30 минг туп ортиқ узумнинг “Андижон қора”, “Ризамат ота”, “Ҳусайни” ва “Келин бармоқ” сингари серҳосил навлари қаламчалари етиштирилмоқда.
Туманнинг Учкўча маҳалласидаги ҳар бир хонадонда узум етиштирилади. Шунга яраша ҳар бир оила йилига ўртача 10 миллион сўмдан 45 миллион сўмгача даромад топади. Шу боис ҳам уларнинг илғор тажрибалари вилоят, республика миқёсида кенг оммалаштирилмоқда.
Учкўча маҳалласи Фароғат кўчасидаги узум етиштирувчи 21 та хонадонга “Микрокредитбанк” томонидан 138 миллион сўм, яъни ҳар бир хонадонга ўртача 6-7 миллион сўмдан кредит ажратилиб, кўчаларга сури токлар қуриб берилиши ҳисобига ҳар бир хонадондан қўшимча яна 1-1,5 тонна узум етиштиришга эришилди. Умуман, мазкур кўчадаги 200 метр сури токда парваришланган узумдан 30 тоннадан зиёд ҳосил олинади.
– Хонадонимизда узум етиштириш авлоддан авлод ўтиб келаётган машғулот, – дейди Учкўча маҳалласи, Фароғат кўчасида яшовчи томорқа ер эгаси Авазбек Тешабоев. – Болалигимдан отамнинг ёнида туриб узум парвариши билан боғлиқ юмушларни пухта ўрганганман. Ҳозирда томорқамиздаги 8 сотих майдонда узум етиштирамиз. Кўчамизга ҳам сури ток қилинди. Умуман, узум парваришида ҳар бир тадбирни ўз вақтида, сифатли бажариш жуда муҳим, қолаверса, кўчатларга доимий қаров керак.
[gallery-9058]
Дарҳақиқат, Учкўча маҳалласида 480 хонадоннинг барчасида узум етиштирилади. Бу борада ўзига хос тажриба шаклланган, хонадон соҳиблари узум етиштириш ишининг етук мутахассисига айланган.
Мухтасар айтганда, Булоқбоши туманида узумчиликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар натижасида нафақат ички бозорни сифатли ва сархил узум билан таъминлаш, балки узум экспортини ошириш имконини кенгайтирмоқда. Энг асосийси, узумчилик билан шуғулланаётган аҳолининг даромади ортмоқда, турмуш фаровонлиги юксалмоқда.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зуҳриддин УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА