2027 йил 1 январдан “Менинг пенсиям” онлайн хизмати жорий этилади
Пенсия хизматларини аҳоли учун янада содда, қулай ва тезкор қилиш мақсадида тизимда қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Бу ҳақда Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси Баҳриддин Зиёдов иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
Айни пайтда фуқароларнинг ҳужжат кўтариб идорама-идора юришини камайтириш, зарур маълумотларни электрон тизимлар орқали олиш ва пенсия хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, 2026 йил 1 ноябрдан ишлар ҳажмининг қисқариши ёки корхона тугатилиши муносабати билан ишсиз деб эътироф этилган шахсларга қонунда белгиланган шартлар асосида умумий белгиланган ёшдан икки йил олдин ёшга доир пенсия проактив тарзда тайинланади. 2027 йил 1 январдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳам фуқаронинг алоҳида мурожаатисиз тайинланади. Бунда фуқарога проактив тарзда тайинланган пенсияни рад этиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
2026 йил 1 ноябрдан бундай фуқаролар имтиёзли пенсия тайинлаш учун Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали онлайн мурожаат қилишлари мумкин бўлади. 2026 йил 1 декабрдан бошлаб эса пенсиянинг бошқа турига ўтишни ҳам Давлат хизматлари марказларига ташриф буюрган ҳолда ёки my.gov.uz портали асосида онлайн амалга ошириш имконияти яратилади.
2027 йил 1 январдан пенсия тўловини нақд пул шаклига ўтказиш, тўхтатиб турилган пенсия тўловларини тиклаш, яшаш манзили ўзгаргани муносабати билан пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилдини янги манзил бўйича ҳисобга қўйиш каби хизматлар интерактив шаклда кўрсатилади. Шунингдек, пенсияни қайта ҳисоблаш учун онлайн мурожаат қилиш имконияти ҳам яратилади.
2027 йил 1 январдан “Менинг пенсиям” онлайн хизмати жорий этилади. У асосида пенсия ҳисоблашда иш стажи сифатида инобатга олинадиган меҳнат фаолияти даври, олий таълим ташкилотларида кундузги таълим ва ҳарбий хизмат даври ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади. Шунингдек, пенсия ёшига бир йил қолган фуқароларни олдиндан хабардор қилиш имконияти яратилади.
Шу санадан Пенсия жамғармаси томонидан фуқаролардан қоғоз шаклидаги ҳужжатлар ҳамда маълумотларни қабул қилиш амалиёти бекор қилинади. Зарур маълумотлар электрон ахборот тизимлари орқали олинади.
Баҳриддин Зиёдовнинг қайд этишича, фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида фаолият юритувчилар учун ҳам иш стажини ҳисоблаш тартиби соддалаштирилади. 2026 йил 1 октябрдан бундай шахс ўзини ўзи банд қилганлар учун белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўласа, унга бир йиллик иш стажи автоматик ҳисобланади.
–Дейлик, Анвар исмли фуқаро йил давомида турли корхона ва ташкилотларда фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида 5-6 ой ишлади. Агар унинг йил давомида тўлаган ижтимоий солиғи белгиланган йиллик миқдорга етса, унга тўлиқ бир йиллик иш стажи ҳисобланади. Бунда қўшимча ижтимоий солиқ тўлаш талаб этилмайди.
Яна бир янгилик шундаки, 2027 йил 1 январдан расмий даромадга эга бўлган шахс ишламайдиган оила аъзоси учун ҳам ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Бунинг натижасида ишламаётган оила аъзосининг келажакда пенсия олиши учун зарур иш стажини олдиндан шакллантириб бориш мумкин бўлади.
Масалан, Акмал исмли фуқаро ишламайдиган отаси учун ҳар ой 152 минг сўмдан ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Бу бир йилда қарийб 1 миллион 800 минг сўмни ташкил этади. Агар миқдор ўзгармаса, 7 йилда жами 12 миллион 800 минг сўм, 15 йилда эса қарийб 27 миллион сўм ижтимоий солиқ тўланади. Тўланган маблағлар ва отасига шаклланган иш стажини мобил илова ёки шахсий кабинет орқали кузатиб бориш мумкин бўлади.
Яъни, бундан кўзланган асосий мақсад эса бугун ишламайдиган оила аъзосининг келажакда пенсия олиш ҳуқуқи учун зарур иш стажини олдиндан шакллантириб бориш имконини яратиш, – деди Б.Зиёдов.
Брифинг якунида таъкидланишича, 2026 йил 1 ноябрдан пенсионерларга банк картаси очиш билан боғлиқ хизматларда Face-ID орқали биометрик идентификация қилиш тартиби жорий этилади. Бу пенсионерлар номига бошқа шахслар томонидан банк картаси очилиши билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
2027 йил 1 апрелдан эса пенсия ва бошқа тўловлар маблағларини пенсионерларнинг банк карталари ёки тижорат банкларининг мобил иловаларида очилган пенсия электрон ҳамёнларига юклаш тизими жорий этилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА