2026 йилдан бошлаб энергия сарфи кескин ошиб кетган давлат объектларида энергия самарадорлигини тубдан яхшилаш дастурлари амалга оширилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили энергия сарфи белгиланган нормативлардан кескин ошиб кетган давлат объектларида халқаро стандартлар ва энергия сервис механизмлари асосида энергия самарадорлигини тубдан яхшилаш дастурлари амалга оширилади.
2026 йил 1 октябрга қадар объектлар кесимида катта ҳажмдаги маълумотлар (Big Data), бизнес-таҳлил (Business Intellegence) ва сунъий интеллект технологиялари асосида энергия истеъмолини ва самарадорлик кўрсаткичларини таҳлил қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.
2026 йил 1 августга қадар якка тартибдаги ва кўп квартирали уйлар, нотурар бинолар ҳамда ижтимоий соҳа объектлари учун энергия самарадорлиги бўйича эталон кўрсаткичларни (Benchmark) жорий қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилади.
2026 йил якунига қадар қурилиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни стратегик ҳамкор - "ILF Consulting Engineers" компаниясининг энергия самарадорлигини ошириш бўйича халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган тавсияларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилади. Бунда бино ва иншоотларнинг лойиҳа ҳужжатларида табиий ёруғликлардан самарали фойдаланиш ечимлари ҳамда диспетчерлик бошқарувига эга "ақлли" (smart) иситиш, совитиш ва шамоллатиш тизимларини жорий қилиш кўзда тутилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
а) 2027 йилдан бошлаб ҳар йили:
ушбу Фармонда кўзда тутилган дастурлар учун талаб қилинадиган маблағларни ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида режалаштиради;
энергия самарадорлигини таъминлаш лойиҳалари амалга ошириладиган давлат ташкилотлари ва ижтимоий соҳа муассасаларида ЭСКОларга ушбу лойиҳалар натижасида тежаладиган энергия ресурслари қийматига тенг миқдордаги тўловлар учун Агентликнинг Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасига зарур маблағларни ажратиб боради. Бунда тежаладиган энергия ресурслари қиймати ушбу объектларда санитария нормалари ва қоидалари талаблари асосида ҳақиқатда сарфланиши лозим бўлган энергия ресурслари ҳажмидан келиб чиқиб ҳисобланади;
б) уч ой муддатда табиий газ ва марказлашган иссиқлик таъминоти билан таъминланмаган давлат ижтимоий соҳа муассасалари биноларини қуриш, реконструкция (модернизация) қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда уларнинг энергия самарадорлигини ошириш тадбирлари билан бир вақтда иссиқлик насослари ҳамда бошқа муқобил қурилма ва ускуналар ёрдамида иситиш, совитиш ва шамоллатиш тизимларини жорий этишни кенгайтириш ҳақида таклиф киритилади.
Ҳар ярим йилда иқтисодиётнинг энергия сиғимини ҳисоблаш ва тегишли маълумотларни эълон қилиб бориш амалиёти жорий қилинади.
Фармонда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 2026 йил 1 июлга қадар ўз ҳудудида жойлашган 4 қават ва ундан юқори бўлган камида 20 тадан кўп квартирали уйларни Чиноз ва Олтиариқ туманларидаги тажриба асосида модернизация қилиш дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритилиши белгиланган.
ЎзА