2025 йилда аҳоли даромадлари 18,9 фоизга ошган
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида Президентимизнинг 2026 йил 29 май куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги иштироки ва нутқининг аҳамияти хусусида фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, логистика ва транспорт соҳаларида замонавий ечимларни жорий этиш, божхона ҳамда электрон ҳужжат алмашинувини соддалаштиришга қаратилган ташаббуслар илгари сурилди. Бу эса тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар яратиш, ташқи иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Шунингдек, фракция йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисида”ги ҳисоботи атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, жаҳондаги геосиёсий зиддиятлар ва иқтисодий ноаниқликларга қарамасдан, мамлакатимиз иқтисодиётида юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолди. Хусусан, 2025 йилда ялпи ички маҳсулот 7,7 фоизга ўсиб, 1 849,7 трлн. сўмга етди. Бозор хизматлари 14,7 фоиз, қурилиш 14,2 фоиз, саноат 6,8 фоиз ва қишлоқ хўжалиги 4,4 фоизга ўсгани иқтисодиёт тармоқларидаги барқарор ривожланишни кўрсатади.
Аҳоли даромадлари 18,9 фоизга ошиб, 1 134,3 трлн. сўмга етган. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 19,1 млрд. долларгача ёки 1,6 баробар ошгани ҳам иқтисодий фаолликнинг муҳим кўрсаткичи сифатида қайд этилди.

Фракция аъзолари томонидан иқтисодиётнинг турли соҳаларида эришилган натижалар эътироф этилди. Хусусан, ташқи савдо айланмасининг 81,2 млрд. долларга, экспорт ҳажмининг 33,8 млрд. долларга етгани, олтинсиз экспортнинг 21,4 фоизга ўсгани, хизматлар экспортининг 9,8 млрд. долларга етгани, шунингдек, 11,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюргани мамлакат иқтисодий салоҳияти тобора юксалаётганидан далолат бериши таъкидланди.
Муҳокамаларда айрим масалаларга танқидий ва таҳлилий ёндашилди. Жумладан, иқтисодий ўсиш суръатлари билан бир қаторда бюджет маблағларининг самарадорлиги, инвестицияларнинг ҳудудлар кесимидаги тақсимоти, хусусий сектор фаоллигини янада қўллаб-қувватлаш, экспорт таркибини диверсификация қилиш, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги улушини кенгайтириш масалалари юзасидан саволлар, фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА