20 йиллик тажрибадан янги тараққиёт сари
Ҳиндистон пойтахти Янги Деҳлида БРИКС давлатлари раҳбарларининг 18-саммити бошланди. Дунёда сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги ўзгаришлар жадал кечаётган бир пайтда ўтаётган мазкур учрашув БРИКС доирасидаги ҳамкорликнинг келгуси устувор йўналишларини белгилаш, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун муҳим мулоқот майдонига айланмоқда.
Саммитнинг биринчи қисмида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этиб, БРИКС ҳамкорлигининг 20 йиллик тажрибаси, дунёдаги ўзгаришлар ва ташкилот олдида турган янги вазифалар ҳақида сўз юритди. Унинг нутқида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инновацион тараққиётни рағбатлантириш, давлатлар ўртасидаги ўзаро англашувни чуқурлаштириш ҳамда глобал бошқарув тизимини такомиллаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
БРИКС учун жорий йил алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, ҳамкорлик механизмида бир қатор йирик ривожланаётган иқтисодиётларни бирлаштирган платформа ўз иштирокчилари доирасини кенгайтириб, сиёсий, иқтисодий, молиявий ва гуманитар соҳалардаги мулоқотнинг муҳим майдонига айланди.
Си Цзиньпин БРИКСнинг бугунги салоҳиятини баҳолар экан, ўтган икки ўн йилликни мустақил тараққиёт йўлларини излаш, умумий қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтиш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш даври сифатида таърифлади. Унинг таъкидлашича, халқаро молиявий инқироз, пандемия ва иқлим ўзгариши каби умумий чақириқлар мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлиги қанчалик муҳим эканини кўрсатди.
Айни пайтда дунёда юз бераётган ўзгаришлар БРИКС олдига янги вазифаларни қўймоқда. Глобал иқтисодиётдаги беқарорлик, минтақавий можаролар, савдо чекловлари, хавфсизлик соҳасидаги мураккабликлар ва халқаро бошқарув тизимини такомиллаштириш зарурати халқаро ҳамжамиятдан яқин мулоқот ва ўзаро ҳамкорликни талаб этмоқда.
Шундай шароитда БРИКСнинг роли, айниқса, ривожланаётган давлатларнинг умумий манфаатларини илгари суриш, халқаро иқтисодий муносабатларда барқарорликни таъминлаш ва глобал муаммоларга биргаликда ечим излаш нуқтаи назаридан тобора аҳамият касб этмоқда.
Си Цзиньпин БРИКС давлатларини замонавий тараққиёт жараёнларида фаол иштирок этишга чақириб, тўрт устувор йўналишни белгилаб берди. Улар инновацион тараққиётни рағбатлантириш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, цивилизациялар ўртасида ўзаро англашувни кенгайтириш ҳамда глобал бошқарув тизимини такомиллаштиришдан иборат.

Инновациялар йўналишида, аввало, сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, илмий-технологик ютуқларни ўзаро алмашиш ва уларни амалиётга жорий этиш масаласи илгари сурилди. Хитой БРИКС давлатлари билан сунъий интеллектдан янги саноатлашув жараёнларини қўллаб-қувватлашда фойдаланиш, тадқиқот ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёр эканини билдирди.
Тинчлик ва хавфсизлик масаласида эса мулоқот, келишув ва дипломатик ёндашувга устувор аҳамият бериш зарурлиги қайд этилди. БРИКС мамлакатлари халқаро ва минтақавий зиддиятларни сиёсий воситалар орқали ҳал этишга конструктив ҳисса қўшиши кераклиги таъкидланди.
Бу нуқтаи назар, айниқса, Яқин Шарқдаги вазият кескинлашаётган бир пайтда долзарбдир. Си Цзиньпин Хитой БРИКС давлатлари билан биргаликда Яқин Шарқ ва Форс кўрфази минтақасида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.
БРИКС кун тартибида иқтисодий ва молиявий ҳамкорлик билан бир қаторда гуманитар алоқаларни ривожлантириш ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Маданият, туризм, таълим ва ёшлар алмашинувини кенгайтириш халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ҳамда тушунишни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Глобал бошқарув масаласи эса БРИКСнинг халқаро майдондаги позициясини белгилайдиган муҳим йўналишлардан бири сифатида кўрилмоқда. Си Цзиньпин халқаро муносабатларни демократлаштириш, янада адолатли ва оқилона глобал бошқарув тизимини шакллантириш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нуфузини сақлаш ва кўп томонлама савдо тизимини қўллаб-қувватлаш зарурлигини қайд этди.

Саммит доирасида қабул қилинган “Янги Деҳли декларацияси”да ҳам БРИКС давлатларининг ўзаро ҳурмат, суверен тенглик, бирдамлик, очиқлик ва консенсус тамойилларига содиқлиги яна бир бор тасдиқланди. Ҳужжатда тинчлик, янада адолатли халқаро тартиб, кўп томонлама тизимни ислоҳ қилиш, барқарор тараққиёт ва инклюзив иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга алоҳида урғу берилган.
Шу маънода, Янги Деҳлидаги учрашув БРИКСнинг нафақат ўтган 20 йиллик фаолиятига назар ташлаш, балки ўзгариб бораётган халқаро муҳитда ҳамкорликнинг янги устувор йўналишларини белгилаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хитой келаси йил БРИКСга раислик қилади ва ташкилот давлатлари раҳбарларининг 19-саммитига мезбонлик қилади. Бу эса ҳамкорликнинг навбатдаги босқичида инновацион тараққиёт, тинчлик ва хавфсизлик, иқтисодий шериклик ҳамда глобал бошқарув соҳаларида янги ташаббуслар илгари сурилиши кутилаётганидан далолат беради.
БРИКСнинг икки ўн йиллик тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, турли иқтисодий ва сиёсий салоҳиятга эга давлатларни умумий манфаатлар, ўзаро ҳурмат ҳамда амалий ҳамкорлик тамойиллари атрофида бирлаштириш халқаро мулоқот учун муҳим имконият яратади. Янги Деҳлидаги саммит ана шу ҳамкорликни янги шароитларга мос равишда ривожлантириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА